Шу кунларда Бухоронинг Олот туманидаги “Халифа” маҳалла фуқаролар йиғинида 3 та йирик саноат корхонаси барқарор фаолиятини олиб бормоқда. Жумладан, туркиялик инвесторлар сармояси асосида ишлаётган “Gulin Melange Tekstil” МЧЖда 120 дан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланган. Аҳамиятли жиҳати, бир йилда 3 минг тонна аралаш толали ип калавани тайёрлаб чиқараётган корхонада ўнлаб маҳаллий оилаларнинг моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда.
Шу маҳаллада МЧЖ шаклида фаолият юритиб келаётган “Оlot spinner” корхонасида 130 дан ортиқ фуқаро иш билан таъминланган. Бу ишлаб чиқариш субъекти бир йилда 5 миллион квадрат метр ҳажмдаги тўқув ва 3 миллион пагонометр ҳажмдаги йигирув ишларини амалга ошириб келмоқда.

Юқоридаги корхоналарга ёндош яна бир ишлаб чиқариш маскани “Shox Gold Tekstil” МЧЖ фаолияти ҳам кейинги ойларда ривожланиш босқичида. Бугунга келиб мазкур корхона 1 минг 200 пагонометр миқдоридаги бўз мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу корхона томонидан 2023 йил давомида 230 минг АҚШ доллари миқдоридаги бўз мато маҳсулоти чет элдаги ҳамкор буюртмачиларга экспорт қилинган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични икки баробарига орттириш борасида музокаралар олиб борилиб, шунга яраша ишлаб чиқариш қувватлари оширилмоқда. Жамият маъмурияти томонидан яқин кунлар ичида тўқув фабрикасининг ҳам фаолияти йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Бу саноат зонасида тадбиркорлик субъектлари сони ошмоқда.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири