Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бугунги иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Сайхунобод туманида ташкил этилган “Фаровон” кичик эркин иқтисодий зонаси ҳудудий иқтисодиётни жадал ривожлантиришда муҳим драйверга айланмоқда.
Туманнинг умумий майдони 445,2 кв.км бўлиб, 18 та маҳаллада 85 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 771 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 84 таси саноат, 182 таси қишлоқ хўжалиги, 45 таси қурилиш, 460 таси савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келади. Мавжуд иқтисодий салоҳиятни янада кучайтиришда саноат зоналари алоҳида аҳамият касб этмоқда.
2024 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманга ташрифи чоғида ишсизликни камайтириш, саноат салоҳиятини ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш юзасидан берилган топшириқлар ижроси доирасида “Фаровон” маҳалласи ҳудудида анча йиллар давомида самарали фойдаланилмаган, ташландиқ ҳолга келиб қолган яйлов ерларнинг мақоми ўзгартирилиб, саноат эҳтиёжлари учун ажратилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, зарур инфратузилма яратилди.
“Фаровон” кичик эркин иқтисодий зонаси замонавий муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан босқичма-босқич таъминланди. Электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, ички йўллар ва транспорт инфратузилмасининг яратилиши тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантирди.

Энг муҳими, ҳудудда “бир дарча” тамойили асосида ер ажратиш, рухсатномалар бериш ва техник шартларни расмийлаштириш жараёнлари соддалаштирилди. Бу инвесторлар учун вақт ва молиявий харажатларни камайтириш имконини берди.
– Президентимизнинг туманимизга ташрифидан сўнг, 2024 йилда 40 миллион долларлик 11 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. 2025 йилда эса 209 миллион долларлик инвестициялар жалб қилиниб, 13 та йирик лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланди, – дейди туман ҳокими Комилжон Муллажонов. – Ушбу лойиҳалар доирасида 2024 йилда 13 500 та иш ўрни яратилган бўлса, 2025 йил якунида 16 500 нафар фуқаро доимий ва мавсумий иш билан таъминланди.
Масалан, “Сайхун Карвон” МЧЖнинг ишлаб чиқариш қуввати 80 тоннадан 300 тоннагача оширилди. Бу Туркиянинг “Ортач” компаниясидан келтирилган замонавий тегирмон ускуналари ҳамда 50 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилиши ҳисобига амалга оширилди. Натижада янги иш ўринлари яратилди ва ишсиз аҳоли қатлами иш билан таъминланди.
Шунингдек, “Beshefar Group” МЧЖ томонидан кичик эркин иқтисодий зонадаги 25 гектар бўш ер майдонида йилига 50 миллион долларлик ун ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилмоқда. Айни пайтда 400 нафарга яқин аҳоли доимий иш билан таъминланган. Корхона тўлиқ қувват билан иш бошлагач, иш ўринлари сони 1000 нафардан ошиши кутилмоқда.
Бугунги кунда “Фаровон” кичик эркин иқтисодий зонасида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, тўқимачилик ва енгил саноат, маиший ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби йўналишларда ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Abdul Razak group” МЧЖ раҳбари — афғонистонлик инвестор томонидан қиймати 5 миллион АҚШ доллари бўлган, йилига 50 минг тонна паррандани қадоқлаш ва музлатиш қувватига эга корхона қурилмоқда. Лойиҳа доирасида йилига 1,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Айни вақтда қурилиш ишлари давом этмоқда. Бройлер товуқларини етиштириш корхонада ҳам, аҳоли хонадонларида кооперация асосида ҳам йўлга қўйилади. Натижада корхонанинг ўзида 30 нафар доимий иш ўрни яратилади, кооперация асосида фаолият юритувчи хонадонлар эса қўшимча даромад манбаига эга бўлади. Корхона жорий йил якунига қадар иш фаолиятини бошлаши кутилмоқда.
– Ҳозирги кунда саноат зонаси учун ажратилган 70,4 гектар ер майдони тўлиқ ўзлаштирилган. Шу боис келгусида саноат корхоналари учун ер ажратишда муайян муаммолар юзага келиши мумкин, – дейди туман ҳокими. – Шу сабаб “Иттифоқ” маҳалласи ҳудудида инфратузилмага қулай бўлган 76,3 гектар паст ҳосилдор қишлоқ хўжалиги ер майдонини саноат тоифасига ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу лойиҳа амалга оширилса, йилига 500 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этиш, 55 миллион доллар экспортни амалга ошириш, 800 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш ва 78 миллиард сўмлик солиқ тушумларини таъминлаш имконияти пайдо бўлади.
Туманнинг саноат кўрсаткичлари таҳлил қилинганда, 2024 йилда 744 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 847 миллиард сўмдан ошди. 2026 йилда ишга тушиши режалаштирилган корхоналар ҳисобига саноат ҳажмини 1 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган.
Инвестиция ва экспорт кўрсаткичлари ҳам ижобий динамикани намоён этмоқда. 2024 йилда 41 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилган ва экспорт 36 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич қарийб уч баробарга ошиб, 109 миллион доллардан ошди. 2026 йилда эса 250 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этиш ва 70 миллион долларлик экспортни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

“Фаровон” кичик эркин иқтисодий зонасининг муҳим натижаларидан бири — янги иш ўринларининг яратилиши. Юзлаб сайхунободлик ёшлар ва хотин-қизлар доимий иш билан таъминланди.
– Корхоналарда касб-ҳунар ўқитиш, қайта тайёрлаш ва иш жойида амалий малака ошириш тизими йўлга қўйилган. Бу ишчи кучи сифатини оширишга, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва меҳнат миграциясини қисқартиришга хизмат қилмоқда, – дейди Комилжон Муллажонов.
Туманда ишсизлик даражаси 4,9 фоизни ташкил этаётгани инобатга олинса, саноат зоналарининг аҳамияти янада яққол намоён бўлади.
Яқин келажакда саноат зоналарини кенгайтириш, янги ускуналарни жорий этиш ва маҳсулот турларини кўпайтириш режалаштирилган. Мутахассислар фикрига кўра, “Фаровон” кичик эркин иқтисодий зонаси тўлиқ қувват билан ишлаши натижасида туман саноат маҳсулоти ҳажми сезиларли ошади, маҳаллий бюджет тушумлари барқарорлашади, экспорт ҳажми кўпаяди ва янги тадбиркорлик субъектлари шаклланади.
Айтиш мумкинки, “Фаровон” кичик эркин иқтисодий зонаси Сайхунобод туманида иқтисодий фаолликни кучайтириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилаётган муҳим локомотивдир. Мазкур тажриба кичик саноат зоналари ҳудудий ривожланишнинг самарали модели эканини яна бир бор тасдиқламоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири