Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кичик мактабнинг катта муаммолари бор
09:56 / 2020-12-10

Фарғона вилояти олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича республикада 6-ўринда бўлиб, Фарғона шаҳри, Риштон, Бағдод туманлари умумтаълим мактабларининг битирувчилари юқори натижаларни эгаллаган. Афсуски, вилоятдаги 22 та мактабнинг бирорта ҳам битирувчиси олий ўқув юртларига ўқишга кира олмаган, шундан 5 та мактабнинг битирувчиси икки йил кетма-кет умуман ўқишга кирмаганлиги бу борада масъулиятни оширишни талаб этмоқда.

Таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш сифат ва самарадорликка эришишда катта аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тизимни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.  

Вилоятдаги умумтаълим мактабларида мазкур йўналишда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Умумтаълим муассасалари битирувчиларининг олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашиш кўрсаткичларини яхшилаш доимий эътиборда.  

Хўш, бу йўналишда ҳудудларда ҳолат қандай? Фарғона туманидаги 35, 57 ҳамда -60- умумтаълим мактабларининг битирувчилари жорий йилда умуман олий ўқув юртига ўқишга кира олмаган. Шунингдек, айрим таълим масканларида таълим сифатида жуда паст бўлиб, мутасаддилардан аниқ чора-тадбирларни кўришни тақозо қилади.  

Биз тумандаги мактабларда бўлиб, ҳолат билан яқиндан танишдик. Аксарият мактабларда иситиш тизими умуман талабга жавоб бермайди, ўқитувчи ва ўқувчилар совуқ хонада дарс ўтишга мажбур бўлмоқда. Физика, кимё фанидан лаборатория жиҳозлари етишмайди. Бадиий адабиётлар жуда кам. Шароитлар яхши бўлмаганидан сўнг таълим сифати ҳақида гапириш мантиқсиз, албатта. Шундай бўлса-да, қишлоқларда ўқитувчилар имконият даражасида меҳнат қилаётир.  

Бегимжон қишлоғидаги 34-умумтаълим мактабида ўтган йилда 120 ўринли янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилган. Унда 6 та синф хонаси бор. 138 нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, баъзи синфларга хона етишмаётганлиги сабабли мослаштирилган эски бинода дарслар ўтилади. Ундаги шароитлар эса ҳаминқадар.

Мактаб ҳудуди девор билан ўралмаган, электр-энергиясининг кўп ўчаётганлиги учун синф хоналари яхши иситилмайди. Директор Маърифжон Умаровнинг айтишича, бор имкониятлар ишга солиниб, шароит яхшиланмоқда. 8 нафар мактаб битирувчисидан 3 нафари олий ўқув юртига ўқишга кирган. Бу қишлоқда кейинги йилларда ёшлар олий ўқув муассасига кирмаган бўлиб, олий маълумотли педагоглар умуман йўқ. Мактабга бошқа ҳудудлардан ўқитувчилар келиб, ишлайди. Ҳатто ўтган даврда битта фан ўқитувчисининг ўзи бошқа фанларни ўтишга тўғри келган. Эндиликда бунга барҳам берилиб, барча фан ўқитувчилари билан тўлиқ таъминланди.

Зарбдор қишлоғидаги 57-умумтаълим мактабида бу йил бирорта битирувчи олий ўқув юртига ўқишга кирмаган бўлиб, айни кунларда 123 нафар ёшлар таҳсил олмоқда. Бу ерга олий ўқув юрти бириктирилмаган чоғи кўрсатгичларни яхшилаш бўйича бирорта амалий иш қилингани йўқ. Жорий ўқув йилида биология, тарих фанидан тажрибали ўқитувчилар ишга олинди. Ўқувчилар учун бир қатор фан тўгараклари ташкил этилган.

11-синфда 9 нафар ўқувчи бор. Улардан орзу –мақсадларини сўрадик.

– Фарғона давлат университетининг хорижий филология факультетига ўқишга кириш ниятидаман, – дейди Лобар Мирзаева. – Фарғонадаги репититорлик марказига борардим. Пандемиядан кейин у ҳам тўхтаб қолди. Ҳозир мактабимизнинг ўзида инглиз тили ва бошқа фанлардан тайёргарлик кўряпман.

– Автомобилсозликка қизиқаман, – дейди Дониёр Эсанов. – Шу йўналиш бўйича ўқишга кирмоқчиман.

Ҳа, бу ёшлар ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Фанларни пухта ўзлаштириш, тест синовларига тайёргарлик кўриш бунда муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, кичик мактабда бунинг учун деярли имконият йўқ. Ўқувчиларда ўқишга, илм олишга иштиёқни кучайтириш учун ота-оналар, маҳалла аҳли ҳам ҳамкорлик қилиши лозим.

Бу каби мактабларда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчи ва ўқувчилар учун шароитлар яратиш асосий вазифа саналади. Чунки болага асосий билим шу масканда берилади. Мутасаддилар назорат қилишдан кўра, амалий ёрдам берса кўпроқ самарадорликка эришилган бўлармиди?  

 

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА