Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кичик футболнинг катта қувончи нигоҳларга муҳрланди
15:40 / 2025-08-27

Мамлакатимизда футбол ва футзал бўйича кўплаб нуфузли мусобақалар, тунирлар, халқаро аҳамиятга молик тадбирлар ташкил этилмоқда. Уларнинг барчаси кўтаринки кайфиятда ўтказилган.

Куни кеча пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” мажмуасида футзал бўйича Ўзбекистон суперкубоги учрашуви ва унинг доирасида ташкил этилган тадбирлар футбол жамоатчилиги, минглаб мухлислар ёдида узоқ йиллар сақланиб қолса, ажаб эмас.

Рости, Ўзбекистон футзали тарихида ҳали бунақаси бўлмаган. Жаҳон футболи афсоналари иштирокида ўтган суперкубок баҳси ўзбек футзали тарихида янги саҳифа очди, десак муболаға бўлмайди.

[gallery-24969]

Айниқса, юлдузлар қўлидан эсдалик совғаларини олган футболга меҳри ошуфта болакайларнинг ҳайрати, қувончи, ифтихорини кўриб, беихтиёр шундай тадбирни ташкил этган инсонларга ташаккур айтгинг келади.

Суперкубок учрашуви ажойиб муҳитни тақдим этди. BMB – “Oil Star” жамоалари ўртасида кечган шиддатли баҳс томошабинларга манзур бўлди. Ҳар икки жамоа ғалаба иштиёқида чиройли ўйин намойиш этди. Қарама қарши ҳужумлар остида ўтган учрашувда омад BMB жамоаси томонида бўлди. 2024/2025 йилги мавсумни жуда кўтаринки кайфиятда ўтказган жиззахликлар Ўзбекистон чемпионлиги, мамлакат кубогидан сўнг суперкубокни бошлари узра баланд кўтаришди.

Бутун ўйин давомида устунликни қўлда сақлаб турган BMB рақибларини 5:1 ҳисобида доғда қолдирди. “Oil Star” футзалчилари биринчи бўлиб ғолибларни мардларча ютуқ билан табриклашди. Майдондаги кураш эса ҳали давом этишини қайд этишди. Зеро, қуръага кўра, уларнинг навбатдаги тўқнашуви “Юнусобод” спорт мажмуасида сентябрнинг илк кунларида бошланадиган Ўзбекистон чемпионатининг илк туридаёқ рўй беради.

Футзал бўйича Ўзбекистон суперкубок ўйинлари тарихга айланган бўлса, юртимизга келган жаҳон футболининг яқин ўтмишдаги ёрқин вакиллари иштирокидаги тадбирлар давом этади.

Бугун, 27 август куни пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида улар иштирокида маҳорат сабоғи, жаҳон футбол юлдузлари ҳамда Ўзбекистон футболининг ёрқин вакиллари иштирокида ўртоқлик ўйини бўлиб ўтади.

Т.Рўзиев,  

А.Мамадаминов (сурат),  

ЎзА