Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кичик бизнеснинг катта ишлари
15:58 / 2014-07-25

Паркент ҳақида гап кетганда, аввало, кўз олдимизга унинг бетакрор табиати, хушманзара ва баҳаво масканлари, тил ёрар асали-ю, етти иқлимга донғи кетган узуми келади. Қир-адирларда ястаниб ётган ям-яшил боғ-роғлари намоён бўлади.

Паркент ҳақида гап кетганда, аввало, кўз олдимизга унинг бетакрор табиати, хушманзара ва баҳаво масканлари, тил ёрар асали-ю, етти иқлимга донғи кетган узуми келади. Қир-адирларда ястаниб ётган ям-яшил боғ-роғлари намоён бўлади. 

Айни пайтда Паркент омилкор деҳқонлари, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлари билан ҳам машҳур.

Бугунги кунда кичик бизнес шаклан кичик бўлса-да, Президентимиз раҳнамолигида қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва халқ фаровонлигини юксалтиришда тобора катта аҳамият касб этмоқда. Буни яхши билган туман мутасаддилари мазкур соҳа ривожи йўлида мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланаётир. 

Дастлаб ахборот-маслаҳат маркази, риэлторлик, бухгалтерия ҳужжатларини юритиш бўйича тадбиркорларга кўмаклашувчи корхоналар фаолияти такомиллаштирилди. Адвокатлик бюролари, брокерлик идоралари, тижорат банкларининг филиаллари-ю суғурта компанияларининг бўлинмалари мижозларга тез, қулай ва ишончли хизмат кўрсатиб, соҳа ривожлана бошлади. 

Ўтган йили туманда давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 12 июлда қабул қилинган “2013-2015 йилларда Тошкент вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўн битта лойиҳа амалга оширилди. “Нозима турфа жиҳоз” хусусий корхонасида мебель, “Файзли обод турмуш”, “Муҳандис плюс лойиҳа” корхоналарида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Дурадгорлик, фармацевтика ва бошқа йўналишлар бўйича ўнга яқин корхонанинг иш бошлаши 180 нафардан зиёд фуқаронинг бандлигини таъминлаш имконини берди. 

“Анка” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Кучали Руштаев узоқ йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келади. 

– Ишни бундан 10 йилча аввал терини қайта ишлашдан бошлаган эдик, – дейди у. – Президентимизнинг соҳага қаратаётган доимий эътибори туфайли барча қийинчиликлар ортда қолди. Бугун эмин-эркин ишламоқдамиз. Иш юзасидан кўп давлатларда бўлдим. Ҳеч бир юртда тадбиркорликка Ўзбекистонимиздагидек эътибор ва ғамхўрликни кўрмадим. 

Ишбилармон К.Руштаев 2013 йили 600 минг АҚШ доллари эвазига фаолиятини кенгайтирди, яна олтмишта иш ўрни яратди. Айни пайтда бу корхонада барча ёшдаги аҳолига мўлжалланган пойабзаллар ишлаб чиқарилмоқда. Турли териларни қайта ишлаш, бўяш, унга безак бериш осон иш эмас. Замонавий техникалар ёрдамида амалга ошириладиган бу ишларни паркентлик ёшлар бемалол, талаб даражасида бажармоқда.

Мазкур корхонада меҳнат қилаётган юз нафарга яқин ишчи-хизматчининг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир.

– Паркент тадбиркорлик касб-ҳунар коллежини битириб, ушбу корхонага ишга кирганимдан хурсандман, – дейди Фазлиддин Раҳмонов. – Ҳар жиҳатдан ўзимга маъқул иш ва доимий даромад манбаига эга бўлдим. Ҳамкасбларимнинг аксарияти тенгқурларим экани мени қувонтирди. Улар билан тезда дўстлашиб кетдик.

– Ҳудудимизда жойлашган “Анка” каби корхоналар аҳолини иш билан таъминлаш, фаровонлигини ошириш, эҳтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш, ободонлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқда, – дейди “Қорақалпоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Олим Қурбонов. – Жорий йилда ҳам тадбиркорлар кўмагида ички йўлларимизнинг маълум қисми таъмирланди. Ёлғиз кексалар, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилаларга маблағ ажратилди. Ҳомийлик ёрдами мунтазам кўрсатилмоқда. Ёши улуғ инсонлар ҳолидан тез-тез бохабар бўлиб туришдек халқимизга хос фазилат давом эттирилаётир.

Маълумотларга кўра, йил якунига қадар туманда умумий қиймати 549 минг АҚШ долларилик ўн бир лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган. Шу кунгача унинг бештаси рўёбга чиқарилди. Элликка яқин янги иш ўрни очилди. 

Бу ерда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Ўтган бир йил ичида етмишга яқин оилавий тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилди. Айни кунда улар саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар бўйича аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мазкур шаклини янада ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

– Оилавий тадбиркорлик равнақи халқимиз турмуш даражасини янада юксалтиришда алоҳида ўрин тутади, – дейди Паркент тумани ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими бошлиғи Алижон Раҳимбердиев. – Туманимизда оилавий бизнеснинг деҳқончилик, чорвачилик, миллий ҳунармандчилик, тижорат ва маиший хизмат йўналишлари ривожланиб бораётир. Тадбиркорларимизга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар бунда муҳим омил бўлмоқда.