АОКАда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ фаолиятининг устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, Президентимизнинг жорий йил 18 августдаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кичик бизнесни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган эди.
Мазкур мулоқотда белгиланган вазифаларни ўзида жамлаган ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашга оид яқин ва узоқ истиқболдаги мақсадларни акс эттирувчи муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бизнес соҳаси ривожи учун янги имкониятларни яратди.
Қарорга асосан кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича “узлуксиз хизматлар занжири”ни яратиш мақсадида “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини амалга ошириш белгиланди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, Дастурни 2023-2026 йилларда амалга ошириш учун давлат маблағлари ҳисобидан 6 триллион сўм ва халқаро молия институтларининг 1,2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
“Бизнесни ривожлантириш банки” Дастурни амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган.
Матбуот анжуманида банк томонидан Дастур ижроси доирасида амалга оширилаётган ва келгусида кўзда тутилаётган чора-тадбирлар, Дастур иштирокчиларини танлаб олиш тартиби ва молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш дастаклари ҳақида ахборот берилди. Хусусан, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ таъсисчилигида “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” ва Жамғарма таркибида ҳудудларда 14 та “Кичик бизнесга кўмаклашиш ҳудудий марказлари” ташкил этилгани қайд этилди.
Ушбу марказлар орқали кичик бизнес лойиҳаларини танлаш, ташаббускорларни ўқитиш, молиялаштириш, ахборот билан таъминлаш, бизнес режалар ва техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, бозор топиш билан боғлиқ комплекс хизматлар кўрсатилади. Молиявий қўллаб-қувватлаш йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағлар учун револьвер тарзда 3 йилгача муддатга йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади.
Шу билан бирга, асосий воситаларни сотиб олиш учун лизинг бериш вазифалари белгиланган бўлиб, бунда 100 миллион сўмгача кредитларни гаровсиз, 150 миллион сўмгача кредитларни гаров талаби 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ажратиш амалиёти татбиқ этилади.
Шунингдек, консультатив қўллаб-қувватлаш йўналишида лицензия, рухсатнома ва сертификатлар олиш масалалари, божхона ва солиқ маъмуриятчилиги, экспорт ва импорт операциялари, шартномаларни расмийлаштириш, давлат харидларида иштирок этиш, шунингдек, ер участкалари ва бино-иншоотларни сотиб олиш ёки ижарага олиш ва лойиҳалаштириш вазифалари амалга оширилади.
[gallery-15085]
Президентимизнинг жорий йил 15 ноябрдаги “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2024-2026 йилларда банк бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар қолдиғини 1,7 бараварга ошириш орқали кредит портфелидаги улушини 28 фоиздан 43 фоизга етказиш, 150 мингта кичик тадбиркорлик субъекти фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жами 800 миллион АҚШ долларигача миқдорда ресурслар жалб қилиш, 300 миллион АҚШ доллари миқдорида облигация (эвробонд)ларни халқаро капитал бозорларида муомалага чиқариш вазифалари белгиланган.
Матбуот анжумани сўнгида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА