Термиз шаҳрида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ матбуот анжумани ва мамлакатимизда биринчи бўлиб фаолият бошлаган “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази”га пресс-тур ташкил этди.
Банк бошқаруви ва вилоят филиали раҳбарияти, оммавий ахборот воситалари ходимлари, жамоатчилик вакиллари қатнашган тадбирда “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини бажаришда Бизнесни ривожлантириш банкининг иштироки ҳақида атрофлича маълумот берилди.


Матбуот анжуманида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бошқарув раиси ўринбосари Фарҳод Ғафуров, ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов, Сурхондарё вилояти Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази масъул ходими Шавкат Бердиев ва бошқалар мамлакатимизда кичик бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Президентимизнинг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жорий йилнинг 18 август куни давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича “узлуксиз хизматлар занжири”ни яратишда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. Шунга мувофиқ “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури” ижросига киришилди.


“Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки мазкур Дастурни амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган. Дастурда электрон платформа – “Бизнес портал”га онлайн ариза бериш орқали иштирок этиш мумкин.
Ўрнатилган тартибга мувофиқ, “Кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари” томонидан танлаб олинган ташаббускорлар бизнес кўникмаларини шакллантириш йўналишида қисқа ва ўрта муддатли амалий ўқув курсларида ўқитилади. Курсни муваффақиятли тугатиб, сертификат олган ташаббускорлар Дастур доирасидаги қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланади.


Тадбирда иштирокчилар “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий мақсадли кўрсаткичлари ҳақида ҳам етарли маълумотга эга бўлди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 ноябрдаги “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2024-2026 йилларда банк кичик тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар қолдиғини 1,7 бараварга ошириш орқали кредит портфелидаги улушини 28 фоиздан 43 фоизга етказади. 150 мингта кичик тадбиркорлик субъекти фаолиятини йўлга қўйиб, кенгайтиради. Кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан 800 миллион АҚШ долларигача миқдорда ресурслар жалб қилинади. 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги облигация (евробонд)ни халқаро капитал бозорларида муомалага чиқаради.


Матбуот анжуманида Дастурда иштирок этувчи кичик тадбиркорлик субъектларини шаффофлик тамойиллари асосида танлаб олиш тартиби ва молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш чоралари, шунингдек, Бизнесни ривожлантириш банки таъсисчилигида “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” ва унинг вилоятларда 14 та “Кичик бизнесга кўмаклашиш худудий маркази” ташкил этилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.
Тадбир доирасида мамлакатимизда биринчи бўлиб, иш бошлаган Сурхондарё вилояти “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази”га пресс - тур уюштирилди. Марказда кичик бизнес лойиҳаларини танлаш, ташаббускорларни ўқитиш, молиялаштириш, ахборот билан таъминлаш, бизнес режалар ва техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, бозор топиш каби комплекс хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган.


Пресс-тур қатнашчилари янги марказда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Тадбиркорларга кўмаклашиш ва ўқитиш жараёнлари билан қизиқди.
Мазкур марказ келгуси йили воҳада микро бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали 1 минг 200 та субъектни кичик ва ўрта бизнесга ўтказиш, 1 минг 300 тадбиркорнинг ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, 450 тадбиркорнинг билим ва кўникмаларини шакллантиришни режалаштирмоқда.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири