Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик: 2 минг 500 иш ўрни яратилади
12:44 / 2017-11-07

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. Наманган шаҳрининг Орзу массивида ташкил қилинган “Орзу” кичик саноат зонаси ҳам тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган ана шу эътиборнинг амалдаги ифодасидир.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. Айниқса, бўш турган давлат мулки объектлари ва ер майдонлари, зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли ташкилотларнинг фойдаланилмаётган ҳудудларини ҳамда ортиқча ишлаб чиқариш майдонларини мақбуллаштириш, тадбиркор ва ишбилармонларга имтиёзли шартлар асосида ёки "ноль" қийматда берилаётгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётир.

Наманган шаҳрининг Орзу массивида ташкил қилинган “Орзу” кичик саноат зонаси ҳам тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган ана шу эътиборнинг амалдаги ифодасидир. 10 гектарга яқин майдонни эгаллаган саноат зонасида айни пайтда 20 тадбиркорлик субъекти томонидан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

5 (1).jpg

“Ҳилол Тотли” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилаётган қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехининг биринчи қавати битказилиб, томини ёпиш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмдан ортиқ бўлган мазкур цехда 40 янги иш ўрни яратилади. “Порлоқ текстиль либослари”, “Авазхон келажак текстиль сервис”, “Сўғдиёна файз текстиль”, “Bosser textile service”, “Улуғ-Б”, “Ахсикент текстиль” масъулияти чекланган жамиятларининг тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари қурилиши ҳам жадал суръатда бормоқда. Тикувчилик саноати бўйича шундай лойиҳалар устида “Ёрқин порлоқ текстиль”, “Олмос текстиль сервис”, “Аббос тикув сервис”, “Ризқ текстиль савдо сервис” масъулияти чекланган жамиятларида ташкилий ишлар бошланган. Мазкур лойиҳалар амалга оширилгач, ўзининг экспортбоп костюмлари, трикотаж маҳсулотлари, аёллар ва болалар кийимлари билан вилоят тикувчилик саноати довруғини таратаётган “Истиқлол дизайн маркази”, “Люкс плюс сервис”, “Ифтихор кийим саноат”, “Дилрабо СДА” каби замонавий корхоналар сафи янада кенгаяди.

Вилоятда пахта хомашёсини қайта ишлаш, тайёр тўқувчилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Орзу” кичик саноат зонасида бу йўналишда ҳам бир қатор лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан, “Нуробод сифат текстиль” МЧЖнинг айни пайтда қурилиши қизғин давом этаётган ва лойиҳа қиймати 1 миллиард 450 миллион сўм бўлган ип-газлама ишлаб чиқариш цехи ишга туширилади. Бу ерда 105 киши доимий даромад манбаи билан таъминланади. Шу йўналишдаги яна бир корхона “White gold towel textile” МЧЖ томонидан барпо этилмоқда.

Кичик саноат зонасида “Perfect Fruits” МЧЖ томонидан қишлоқ хўжалиги махсулотларини қайта ишлаш цехи, “Юксалиш улгуржи савдо экспорт” МЧЖ томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган музлатгич омборхона қурилмоқда.

2 (1).jpg

– Кичик саноат зонаси ташкил этилиши тадбиркорлар учун жуда қулай имконият бўлди, – дейди “Perfect Fruits” МЧЖ раҳбари Ж.Аббосов. – Ушбу ҳудуддан 0,27 гектар ер майдони олиб, мева-сабзавотни қайта ишлаш корхонаси қурилишини бошладик. 2 миллиард сўмлик лойиҳа асосида бир суткада 30 тонна маҳсулотни қайта ишлаш қуввати яратилади ва бу ерда 30 киши иш билан таъминланади.

Қурилиш, дизайн маҳсулотлари, мебель, ўйинчоқлар, бутловчи қисмлар, турли салфеткалар, ёритиш воситалари ишлаб чиқариш бўйича ҳам лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Бугун кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати 30 миллиард сўмдан зиёд сармояни ташкил қилади.

– “Орзу” кичик саноат зонасида тадбиркорлар томонидан тақдим этилаётган лойиҳаларни ўрганиш давом этмоқда, – дейди Наманган шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Ҳолиқов. – Юқоридаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши кичик саноат зонасида 2 минг 500 иш ўрни яратиш имконини беради. Юртимизда барпо этилаётган кичик саноат зоналари иқтисодиётда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк улушини изчил ошириш ҳамда шаҳарда саноат салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.