Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, Президентимизнинг “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қарорига мувофиқ ахборот технологиялари орқали содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолияти кучайтирилмоқда.
Бу борада Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Сабоҳат Абдуллаева қуйидагича тушунтириш берди:
– Бугунги кунда ички ишлар вазирлиги кибержиноятларга қарши курашиш соҳасида масъул ва ваколатли орган этиб белгиланган. Шу билан бирга, давлат идоралари, банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда аҳоли ўртасида кибермаданиятни ошириш бўйича аниқ мажбуриятлар юклатилди.
Қарор ижросига кўра, қуйидаги устувор вазифалар белгиланди.
Жумладан, кибержиноятларни олдини олиш бўйича ягона амалий тизимни йўлга қўйиш, “Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарликни кучайтириш тамойиллари белгиланди. Банклар ва тўлов ташкилотларидаги киберҳимоя тизимларини интеграция қилиш ва антифрод тизимини жорий этиш йўлга қўйилди.
Шунингдек, ҳар ой якунида киберхавфсизликда заифликларга йўл қўйган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати оммага эълон қилинади. Бу тизим орқали фуқаролар ўз маблағлари хавфсизлигини баҳолаш имконига эга бўлади.
Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати — “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги”ни жорий этиш, яъни ҳар йили ноябрь ойида мамлакат миқёсида аҳоли ўртасида ахборот хавфсизлиги маданиятини оширишга қаратилган тарғибот дастурлари амалга оширилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур қарор нафақат жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини оширади, балки аҳолининг рақамли саводхонлиги ва кибергигиенаси даражасини ҳам юксалтиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА