Рақамлаштириш жараёнлари ривожланаётган даврда ахборот технологиялари воситасида содир этилаётган жиноятлар йилдан-йилга кўпаймоқда. Анъанавий жиноятларнинг кибержиноятларга трансформацияси кенгайиб бораётгани кузатилмоқда. Уларнинг олдини олиш тизимини мунтазам такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда.
Хусусан, республикамизда сўнгги беш йилда (2021-2025 йиллар) кибержиноятлар ўн бир баравар (4 минг 865 тадан 62 минг 440 тага) ошган.
Мазкур жиноятлар натижасида (2021-2025 йилларда) фуқароларга 3 триллион 730 миллиард сўм зарар етказилган бўлса, шундан ярми (1 триллион 890 миллиард ) жорий йилнинг 11 ойи ҳиссасига тўғри келади. Бу эса жиноятнинг янги турлари пайдо бўлаётгани уларнинг олдини олиш заруратини янада долзарблаштирмоқда.
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, кибержиноятларга қарши курашиш мақсадида ҳудудларда ушбу соҳа бўйича алоҳида бошқармалар ташкил этилиб, ходимлар сони кўпайтирилди.
Хорижий ҳамкорларимиз билан маълумот ва тажриба алмашиш, уларнинг етакчи ходимларини жалб этиш ҳамда мутахассисларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.
Хусусан, вазирлик Академиясида “Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиб, бу йилдан бошлаб 100 нафар курсант қўшимча ўқишга қабул қилинди.
“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида дастурни муваффақиятли тамомлаган номзодларни Академиянинг “Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” таълим йўналишида ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланди.
Ахборот технологиялари соҳасида жиноятларга қарши курашиш бўйича рақамли лаборатория ташкил этилди.
Фуқароларнинг банк ҳисоб варақларидан маблағларни ноқонуний ечиб олишга йўналтирилган, энг хавфли ва кўплаб фуқароларга зарар етказган “фишинг” туридаги 483 зарарли дастур аниқланиб, фаолияти тўхтатилди.
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ 2 минг 424 жиноят аниқланиши натижасида жиноий йўл билан топилган 76 миллиард сўм миқдоридаги маблағларни крипто шаклида республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилишинг олди олинди.
Кибермаконда жамоат тартибига таҳдид солувчи, шахснинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишини тарғиб қилиб келиш билан боғлиқ 3 минг 843 интернет ресурслари блокланди. 1 минг 508 фирибгарликка ундовчи зарарли ҳаволалар фаолиятига чек қўйилди.
Бу борада 457 минг 460 тарғибот тадбирлари ўтказилди, 1 минг 243 видеоролик ҳамда 45 минг 708 кибержиноятдан ҳимояланиш усулларини тушунтирувчи контент тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда жойланди.
Ички ишлар органларида ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасига сунъий интеллект технологияларини кенг татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг қарори билан тизимни 2025-2027 йилларда рақамли трансформация қилишнинг фундаментал асоси белгиланди.
Ички ишлар органлари фаолиятни ва давлат хизматларини рақамлаштириш йўналишларида 62 ахборот тизими ишлаб чиқилди, амалиётга татбиқ этилди.
Бундан ташқари, ички ишлар органлари томонидан 41 турдаги давлат хизмати рақамлашди. Хусусан, 8,6 миллион нафардан ортиқ шахсга яшаш жойи бўйича маълумот тақдим этилди, 2,5 миллион нафардан ортиқ шахс яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтди.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган электрон хизматлар улушини 95 фоизга олиб чиқиш мақсад қилинган.
Норгул Абдураимова, ЎзА