Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кибержиноятчилар уч ойда самарқандликларнинг 4 миллиард сўм пулини “ечиб” олди
10:42 / 2023-05-04

Кибержиноятларнинг олдини олиш, аҳолининг виртуал муҳитдаги кибер таҳдидлардан огоҳлигини ошириш ҳамда уларда “рақамли иммунитет”ни шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 1-7 май кунлари Самарқанд вилоятида “Сyber Week” номи остида “Кибер маконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” ўтказилмоқда.

Ҳафталик давомида корхона-ташкилотлар, таълим муассасалари, бозорлар ва савдо комплекслари, жамоат жойларида аҳолини огоҳликка чақирувчи тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Жумладан, бугун ёшлар иштирокида ўтказилган тадбирда кибержиноят қурбони бўлаётганларнинг аксарияти ёшлар экани таъкидланди.

– Вилоятда жорий йилнинг ўтган уч ойида фирибгарлар томонидан фуқароларнинг банк картасидан 4 миллиард сўмдан зиёд пул маблағлари талон-торож қилинган, – дейди Ички ишлар вазирлиги тезкор қидирув департаменти киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоев. – Алдов қурбони бўлаётганларнинг аксарияти 19-35 ёшдаги фуқаролар бўлиб, ўтган давр мобайнида улар томонидан 400 га яқин ариза келиб тушган.

Ушбу фирибгарликлар асосан телефон қўнғироқлари, тўлов тизимлари, банк ходими сифатида “смс кодни олиш”, ижтимоий тармоқлар орқали, шунингдек “OLX” савдо платформасида “сотувчи” ёки “харидор” сифатида, жабрланувчига номаълум шароитда ёрдам бериш, моддий ёрдам, онлайн кредит, ютуқли ўйин ғолиби каби сохта алдов ҳаволалар, сохта онлайн биржа ва трейдинг орқали амалга оширилган.

Қайд этилишича, йилнинг ўтган даврида вилоятда 70 дан ортиқ шу турдаги жиноят аниқланган. Бу жиноятларнинг асосий қисми хориждан туриб бошқарилмоқда.  

Ҳафталик доирасида интернет ютуб каналида кибержиноятлардан ҳимояланиш бўйича тарғибот лавҳалари жойлаштирилмоқда, турли танлов ва викториналар уюштирилмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА