Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Киберхавфсизликни таъминлаш давр талаби
16:50 / 2023-07-04

Наманганда кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги олдидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айни шу ҳақида сўз юритилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда "Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги" – “Cyber-Week” комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари бўйича атрофлича маълумот берилди.

Республика Ички ишлар вазирлиги тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Эргашев, бугунги кунда ахборот технологиялари соҳаси билан боғлиқ содир этилаётган жиноятлар ҳолати, муаммолар, келгусида биргаликда амалга ошириладиган ишлар, долзарб вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.

Ҳозирги ривожланиб бораётган ахборот технологиялари асрида, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида компьютер ва рақамлаштирилган турли хил техникаларни кўришимиз мумкин. Ушбу соҳа ривожланиб боргани сари, бундан ғараз мақсадда фойдаланувчилар ҳам ортиб бормоқда.

– Хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, жиноятлар орасида айниқса, кибержиноятлар сони ортиб бормоқда. Биргина, Сингапур давлати мисолида оладиган бўлсак, аввалги уч-тўрт йилда жиноятлар сони камайган, – дейди ИИВ Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоев. – Лекин ахборот технологиялари соҳасидаги кўрсаткичлар беш-олти бараварга ортган. Демак, бу борада ўсиш тенденциясини кўриш мумкин. Кибержиноятларга қарши курашишда фақатгина, ички ишлар идоралари ходимларининг эмас, балки кенг жамоатчиликнинг биргаликдаги амалий ҳаракати керак.

[gallery-12581]

Виртуал оламдаги жиноятлар, хусусан, ҳисоб рақамлардаги пулларни ўмариш, пластикдан пул ечиш, ҳаволалар орқали адашиб кириб қолиш натижасида шахсга тегишли барча маълумотларни эгаллаб олиш кўпаяётгани ҳар биримиздан ҳушёр бўлишни талаб этади. Бунда энг аввало тарғибот тадбирларининг самарадорлигини ошириш даркор.  

Бугунги кунда Наманган вилояти ҳудудида содир этилаётган умумий жиноятлар орасида интернет ва компьютер технологиялари билан боғлиқ жиноятлар кескин ошиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида ушбу турдаги жиноятлар 2022 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 4 баробарга ошган. Жиноятларни содир этган шахсларнинг ёши таҳлил қилинганда асосан 19-35 ёшлиларни ташкил қилмоқда. Мазкур жиноятларни содир этилиши оқибатида фуқароларга етказилган зарарнинг миқдори ҳам 2,4 баробарга ортиб, 1 миллиард сўмга яқин пуллар талон-тарож қилинган.

Айни шу сабабли вилоят ҳокимининг “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” доирасида тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Наманганда кибержиноятларнинг олдини олиш ва аҳолини кибер оламдаги таҳдидлардан иммунитетини ошириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази, вилоят ИИБ, манфаатдор идоралар ҳамкорлигида тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш белгиланди. Унда икки миллиондан ортиқ кишини қамраб олиш режалаштирилган.

Хусусан, тарғибот тадбирларини самарадорлигини ошириш учун журналист ва блогерлар, муаллимлар, шифокорлар, профилактика инспекторлари ўртасида, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида етти турдаги танловлар ўтказилиши белгиланган. Қайд этилганидек, киберхавфсизлик ҳафталиги доирасидаги тадбирлар Фарғона ва Андижон вилоятларида ўтказилганда самарадорликка эришилган.  

Масалан, Андижон шаҳри ўрганилганда ҳафталикдан сўнг кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони кескин камайган. Матбуот анжуманида журналистлар томонидан жўяли таклиф-мулоҳазалар билдирилиб, танлов ғолибларини аниқлашда шаффофлик, холисликка эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.