Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Киберхавфсизликни таъминлаш чоралари ўрганилди (+видео)
15:08 / 2024-12-18

Фарғонада “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларига қарши курашиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.

Унда Ички ишлар вазирлигининг масъуллари, Киберхавфсизлик маркази ва Эксперт-криминалистика бош маркази мутахассислари, шу йўналишнинг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Анжуманда асосий эътибор бугун долзарб муаммо бўлиб қолаётган ахборот технологиялари ёрдамида қайд этилган фирибгарлик, ўғрилик каби жиноятларга қарши курашиш масалаларига қаратилди.  

- Биргина рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак охирги тўрт йил давомида республикамиз ҳудудида мазкур турдаги жиноятлар 7.5 баробар ошиб кетганлиги ҳам ушбу жиноятларга қарши курашишда эскича амалиётлардан воз кечиш кераклиги кўрсатиб турибди, - дейди Фарғона туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи Сардор Нурматов. – Ҳозирги кунда республикамиз ҳудудида турли хил мессенжерлар орқали фишинг, кардинг каби усуллар кенг тарқалган бўлиб, айни мазкур жиноятларга қарши курашиш мақсадида Фарғона вилоят ИИБда биринчилардан бўлиб, киберхавфсизлик лабораторияси ишга туширилди. Анжуманда 30 дан ортиқ масъул ташкилот вакиллари иштирокида ахборот технологияси соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш масалалари кўриб чиқилди.  

Тадбир давомида мавзуга оид долзарб маърузалар тингланди. Унда ахборот тизимидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш, фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларини тергов қилишдаги ҳолатлар, рақамли криминалистика соҳасидаги масалаларни ҳал қилишда бевосита илмий-тадқиқот институтининг изланишларини тадбиқ этиш каби мавзулар иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.  

Анжуман давомида иштирокчилар ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларига қарши курашиш борасида Фарғона вилояти тажрибаси билан яқиндан танишишди.  

Улар дастлаб, вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасида яратилган имкониятларни ўргандилар. Таъкидлаш жойизки, бу ерда ахборот технологияларининг кенг қўлланилиши натижасида жиноят иши доирасидаги суриштирувларда, бошқа процессуал ҳолатларда фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланяпти. Шу мақсадда адвокатлар хонаси, кутиш заллари ва махсус тергов хоналари барпо қилинди.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/PMdrgaM3BoY" title="Kiberxavfsizlikni taʼminlash choralari oʻrganildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Шунингдек, меҳмонлар бошқарманинг Киберхавфсизлик лабораториясида ҳам бўлдилар. Бу ерда ўрнатилган жиҳозлар, техник имкониятлар ўрганилди. Бундан ташқари, 3-сектор штаби, бошқарма қошидаги кутубхона, вазиятлар маркази ҳамда Ахборот хизмати қошидаги медиа марказ имкониятлари билан ҳам танишдилар.

Қолаверса, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қуриб битказилган наъмунали уй-жойлар анжуман иштирокчиларда катта таъсурот қолдирди.  

Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА