Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида киберхавфсизлик ва сунъий интеллект бўйича бой тажрибага эга бўлган “Arrtech Corp” ва “Relisecure Corp” компанияларининг ижрочи директори Алпер Жем Йилмаз, шунингдек, Марказий Осиёдаги етакчи IT-дистрибьюторларидан бири “Elcore Distribution Kazakhstan” компаниясининг мамлакатлар бўйича директори Назгул Таимова ва етакчи коммуникация менежери Айнур Максим билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда институтда ахборот технологияларини ривожлантириш, ўқув жараёнини рақамлаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш, шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда меҳмонлар “Siberkoza” лойиҳаси орқали Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Покистон давлатларидаги 7 та университетда ташкил этилган лабораториялар ёрдамида янги авлод киберхавфсизлик ва сунъий интеллект мутахассисларини тайёрлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.

Учрашув давомида мазкур олий ўқув юртида ушбу лойиҳа доирасида, шунингдек, киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва илғор технологиялар бўйича стратегик инвестиция ҳамда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирдан сўнг меҳмонлар институтнинг IT-инкубация маркази фаолияти билан танишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА