Бугунги кунда ахборот технологиялари ривожланиб бораётгани, шиддатли рақамлашув даври фирибгарликнинг янги ва хавфли кўриниши бўлган кибержиноятлардан ҳимояланишни тақозо этади.
Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва уларни бундай хавфлардан огоҳ этиш мақсадида Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Маҳаллалар уюшмаси ҳамкорлигида республика миқёсида кенг қамровли тарғибот акциясини ўтказмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда “Tashkent Trade Center” корхонаси ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш фирибгарларга қарши энг самарали қалқон экани алоҳида урғуланди. Айни пайтда киберхавфсизлик масаласи ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила тинчлиги ва фаровонлигига бевосита дахлдор экани, шу боис ҳар бир фуқаро ўзини ва яқинларини рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилиш чораларини билиши кераклиги таъкидланди.

Тадбирда соҳа мутахассислари киберфирибгарликнинг энг кенг тарқалган турлари, улардан ҳимояланиш усуллари ҳақида батафсил маълумот берди.
М.Комилова, ЎзА