Шу йилнинг 30 ноябрига қадар барча ҳудудларда “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” фуқароларни огоҳликка ундаш, интернетдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашишга қаратилган тадбирлар давом этади.
Наманган шаҳридаги “IT Park” марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналист ва блогерларга ойлик доирасида вилоятида ўтказилиши режалаштирилган комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Вилоят ҳокимининг рақамлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Шерзодбек Турсуновнинг таъкидлаб ўтганидек, ҳозирги ривожланиб бораётган ахборот технологиялари асрида, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида компьютер ва рақамлаштирилган турли хил техникаларни кўриш мумкин. Бу тармоқ ривожлангани сари бундан ғаразли мақсадда фойдаланувчилар борлигини ҳам унутмаслик, доимо огоҳлик ва ҳушёрликка эътибор қаратиш лозим.
Вилоят ИИБ ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Санжарбек Нўгмоновнинг қайд этишича, кейинги йилларда кибержиноятлар салмоғи ортиб бормоқда. Ўтган даврда юз берган 4253 та кибержиноятнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда тарқатиладиган сохта дастурий ҳаволалар (“APK”), онлайн савдо-сотиқ, трейдерлик (пул кўпайтириб бериш) ва сохта қўнғироқлар туфайли фирибгарлик ҳолатларини ташкил қилмоқда.
Жиноятлар оқибатида жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида ички ишлар органлари томонидан 4 миллиард сўм, тижорат банкларининг аралашуви билан эса 1 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ундириб берилди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилаётган мурожаатлар 38 фоизга камайишига эришилган.
[gallery-26076]
Анжуманда иштирокчилар тарафидан вилоят ташкилотлари ахборот тизимларини кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган турли ёлғон ва фейк хабарларга қарши муносиб тарзда курашиш, алдовларни камайтириш учун ноъанавий тарзда интерфаол танловларни ташкиллаштириш юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят ИИБ томонидан бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда Президентимизнинг 2025 йил 30 апрелдаги “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида, ойлик давомида тиббиёт ва маҳалла тизимлари, ногиронлиги бўлган фуқаролар, журналистлар, блогерлар, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида аҳолини кибертаҳдидлардан огоҳлантиришга қаратилган турли совринли кўрик-танловлар ўтказилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.