Бугунги кунда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқароларнинг кибержиноятлар қурбонига айланишининг олдини олиш, қолаверса, ушбу йўналишда профессионал кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида яқинда ички ишлар органлари ходимлари иштирокида бўлиб ўтган видеолектор йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси доирасида, айни шу муҳим мезондан келиб чиққан ҳолда, Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Наманган давлат техника университети раҳбарлари ва соҳага дахлдор масъул ходимлар иштирокида учрашув ўтказилиб, унда ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Мазкур меморандум доирасида кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари кенгайтирилиб, рақамли маконда юзага келаётган янги турдаги хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича самарали ҳимоя чоралари ишлаб чиқилади. Автоматлаштирилган ақлли тизимлар ва замонавий дастурий маҳсулотларни яратиш борасида ҳамкорликда иш олиб борилади.
Қолаверса, ҳар икки икки томон қошида киберхавфсизлик йўналишида инновацион малака ошириш марказини ташкил этиш, талабалар ва ички ишлар органлари ходимлари учун қўшма ўқув курслари, семинар ва тренинглар ўтказиш, талабаларнинг ИИБ бўлинмаларида амалиёт ўташини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Тадбир доирасида университет мутасаддилари ИИБ ҳузуридаги ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда тезкор бошқарув маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Яратилган шарт-шароитлар ва мавжуд техник имкониятлар юзасидан батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА