Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Аҳоли ўртасида Интернетдаги таҳдидларни барвақт олдини олиш бўйича комплекс тарғибот чора-тадбирларининг мазмуни ва моҳияти» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг масъул ходимлари иштирок этиб, соҳага оид долзарб масалалар хусусида фикр юритдилар.
Анжуманда таъкидланганидек, ривожланган давлатлар қатори мамлакатимизда ҳам рақамли технологиялар ҳар бир соҳада кенг татбиқ этиб келинмоқда. Интернет тармоғи кириб бормаган манзилнинг деярли ўзи қолмади. Республикамизда 25 миллион нафардан ортиқ интернет фойдаланувчилари мавжуд. Ўтказилган таҳлил натижалари бугунги кунда мамлакатимизда кибержиноятчиликни ўсиш тенденцияси кузатилаётганлигидан далолат бермоқда.
Сўнгги 3 йилда кибержиноятлар сони бир неча бараварга ошиб кетган. Жумладан, кибержиноятчиликнинг бир қатор турлари содир бўлаётганлиги кузатилмоқда. Булар фирибгарлар пластик карта фойдаланувчиларига келган СМС-хабарномадаги кодларни тўловни амалга ошириш, ютуқни бериш каби баҳоналар орқали эгаллаб, ундаги маблағларни ўзлаштириш, шахсий маълумотларни эгаллаш ва уларни ошкор қилиш билан қўрқитиб товламачилик қилиш, ижтимоий тармоқда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, ҳақорат, суицид ҳолатлари ва бошқалардир.
Хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда, аҳолида интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш орқали уларни эҳтимолий хавфлардан барвақт огоҳлантириш бу – интернетдаги таҳдидларга қарши курашишдаги энг самарали усул эканлиги маълум бўлди.
Шу мақсадда Интернет тармоғида содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш, уларни барвақт олдини олиш бўйича бевосита Ички ишлар вазирлиги томонидан биринчи навбатда фуқаролар ўртасида фаол тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Хусусан, аҳолини барча қатламини кибертаҳдидлардан барвақт огоҳлантириш ва интернет тармоғидаги содир этиладиган жиноятлар қурбонига айланиб қолмасликларини олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида комплекс тарғибот тадбирлари олиб борилди.
Тадбирларда қатнашган аҳоли вакилларидан тарғибот ишлари мазмуни, интернетдаги ҳуқуқбузарликлардан ўзларининг яқинларини ҳам огоҳлантириб боришлари тўғрисида тушунтирилди.
Тарғибот тадбирлари билан аҳолини янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида ИИВ Киберхавфсизлик маркази томонидан “Кибер-ёрдамчи” платформаси ишлаб чиқилган бўлиб, матбуот анжумани давомида унинг имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Тадбир давомида блогер ва ОАВ вакилларининг саволларга Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан батафсил жавоблар берилди.
ЎзА