Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Кибернефтгаз” олий муҳандислик мактаби
10:53 / 2024-08-21

Бухоро муҳандислик-технология институтида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамкорлигида “Кибернефтгаз” олий муҳандислик мактаби ташкил этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда институт ўртасида институт базасида Олий муҳандислик мактабини ташкил этиш бўйича “Йўл харита”си ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

“Йўл харита”га асосан “Ўзбекнефтгаз” АЖга тегишли ишлаб чиқариш корхоналари билан илмий-инновацион ишланмаларни биргаликда олиб бориш, институтда ташкил этиладиган Олий муҳандислик мактаби хоналарини таъмирлаш, қайта жиҳозлаш, Олий муҳандислик мактаби ўқув, илмий лабораторияларининг моддий -техник базасини шакллантириш бўйича қўшма ҳужжатлар келишилди. Бугунги кунда лаборатория хоналари энг замонавий жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Шу билан бирга, Олий мухандислик мактабидаги ўқув хоналарида тренажёрлар, симуляторлар, замонавий дастурлар, VR зоналар ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилди.  

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг тегишли мутахассислари билан  биргаликда Олий муҳандислик мактаби низоми, ўқув режалари, дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Қолаверса, Олий муҳандислик мактаби ўқув жараёнларига юқори профессионал профессор-ўқитувчиларни, тажрибали ишлаб чиқариш корхоналарида ўқитувчиларни танлаб олиш, жаҳон стандартларига жавоб берувчи сифатли таълимни ташкил этиш, таҳсил олувчи иқтидорли талабаларга қўшимча ишлаб чиқариш корхоналари стипендияларини ташкил этиш, уларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини юқори даражада ўтказиш бўйича  ишлар амалга оширилмоқда.  

Ушбу олий муҳандислик мактабида  икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилади. Ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади. Нефт ва газ соҳаси учун илғор муҳандис кадрлар тайёрланади ва илмий фаолият билан шуғулланишга ҳам кенг имкониятлар яратиб берилади.

Биринчи йил талабалар корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради. Илмий изланишлар ўтказади. Бу борада чуқурлашган модул дастурлар асосида ўқитилади. Иккинчи йил янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнларни корхоналарда синовдан ўтказади.

–Олий мухандислик мактабини ташкил этиш мақсадида албатта хориж тажрибаси ўрганилди, –дейди Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Садоқат Сиддиқова. –Хусусан, Германия, Япония Буюк Британиянинг нуфузли олийгоҳларидаги тажрибалар ўрганиб чиқилди. “Кибернефтгаз” олий муҳандислик мактабини ташкил этиш жараёнида бевосита Қозон федерал университети, Тюмен давлат университети, Санкт-Петербург давлат университети, Олмаота давлат нефтгаз университети, Боку олий нефт мактаби каби илғор муҳандислик мактаблари тажрибаси ўрганилиб, улар билан ҳамкорлик қилиш борасида келишувларга эришилди.  

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири