Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кибермакондаги жиноятчилик ёки пластик карточкалардан ўмарилаётган пуллар... (+видео)
09:24 / 2022-02-22

Ўзбекистонда ўтган 2021 йилда 2700 дан ортиқ, жорий йилда 300 дан ортиқ мурожаатлар бўлган...

Бугун ахборот технологиялари ютуқлар билан бирга глобал муаммоларни ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда. Кейинги пайтларда тилимизда тез-тез айланаётган “киберҳужум”, “кибержиноятчилик” атамалари замирида турли вирусли дастурларни тарқатиш, паролларни бузиш, хаккерлик ҳужумлари, веб-сайтларга ноқонуний кириш, фирибгарлик, пластик карточкаларидан пул ўғирлаш каби жиноятлар яширинган.

Маълумотларга қараганда, кибержиноятчилик бир йилда дунё иқтисодиётига ўртача 26 миллиард доллар миқдорида зарар етказмоқда. Бугун интернетдан фойдаланувчилар сони 3,5 миллиарддан ошган. Шунингдек, 20 миллиардга яқин қурилмалар интернетга уланган ҳолда ишламоқда. Бу эса киберҳужумларнинг қанчалик жиддийлигини кўрсатади.

Киберҳужумнинг кенг тарқалган кўринишларидан бири бу фирибгарлик йўли билан пластик карточкалардан пул ўмариш, кимларнидир қақшатиб, осонгина мўмай даромадга эга бўлиш ҳисобланади. Яқинда Буюк Британиянинг тадқиқот компанияси томонидан киберхавфсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган 60 та давлат рейтинги эълон қилинди. Япония етакчи бўлган ушбу рўйхатда Ўзбекистон 56-ўринни эгаллаган. Бу борада юртимизда биргина ўтган 2021 йилда 2700 дан ортиқ, жорий йилда 300 дан ортиқ мурожаатлар бўлган, кибержиноятчиликка қарши муайян чоралар кўрилмоқда.

Пластик карточкалардан пул ечишга устамонлар ҳатто оғир хаста, кўмакка ўта зарур бўлган беморлар учун йиғилаётган хайрия пулларини ҳам ўмаришаётгани ачинарли ҳол.

Киберхавфсизлик масалаларини ҳал қилиш мақсадида Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланди. Мазкур қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси кибермаконида киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилган. Киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли органнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Хўш, “киберҳужум” ва “кибержиноятчилик”нинг ўзи нима? Умуман бегона кимсаларнинг шахсий карточкаларидаги пуллар қандай йўллар билан ечиб олиняпти? Бу йўналишдаги жиноятларнинг қанчаси фош этилган? Фирибгарлик қурбонига айланмаслик, нобоп кимсаларга чув тушмаслик учун мутахассислар қандай тавсиялар беради? Миллий қонунчилигимизда айнан киберҳужум ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш борасида қандай янгиликлар кутилмоқда?

Бу каби саволлар атрофидаги фикр-мулоҳазалар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ички ишлар вазирлиги масъуллари ҳамда депутат томонидан батафсил баён қилинди. Қуйидаги видеоҳаволада унинг тўлиқ шакли билан танишишингиз мумкин.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/p3YOLHjUius" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Муҳтарама Комилова, Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА