Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кибермаданиятни юксалтириш хавфсизликни таъминлайди
19:30 / 2025-11-07

Тошкент вилояти ҳудудида аҳоли орасида кибермаданиятни юксалтириш ҳамда кибергигиенасини шакллантириш мавзусида брифинг ўтказилди.

Унда Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Обид Орипов, бошқарма шахсий таркиби мутахассислари томонидан ОАВ вакилларига жойларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. 

Қайд этилганидек, 1-30 ноябрь кунлари “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги”  деб эълон қилинди ва унинг доирасида кўплаб ташаббуслар, аҳолини огоҳликка чақириш, талабалар, мактаб ўқувчилари ва ташкилот ходимлари учун тренинглар, ютуқли танловлар ва киберспорт мусобақалари ўтказиш белгиланган. Мақсад фуқароларнинг киберсаводхонлигини ошириш ва рақамли хавфлардан ҳимоя қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашдир.

Брифингда масъуллар томонидан ўн ой давомида Тошкент вилояти ҳудудида содир этилган умумий жиноятларнинг 44 фоизи кибержиноятларни ташкил этгани айтилди. Хусусан, сохта ва зарарли ҳавола орқали банк карта ёки аккаунтни эгаллаш 33,6 фоизини, товар-хизматлар учун олдиндан тўловлар амалга ошириш шаклида 24,7 фоизни ташкил этади. Шунингдек, сохта крипто биржаларга қизиқтириш шаклида 17,7 фоиз, номига онлайн кредит расмийлаштириш орқали 6,6 фоиз, телефон қўнғироқлари орқали турли алдовлар 4,8 фоизниташкил этган.

Брифинг доирасида ОАВ вакиллари билан давра суҳбати ташкил этилди. Унда бу каби кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида айтилди. Жумладан, биргина телеграм ижтимоий тармоғидан келган .арk ва .jar (вирус) файлларни юклаб олмаслик, ёзишмалардан дарҳол ўчириб ташлаш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга, нотаниш, шубҳали ҳавола (ссилка, линк) ларни очмаслик ва уларни тарқатмаслик, шахсий пулларни кўпайтириб берамиз деган сохта трейдерларга ишонмаслик, шахсий (банк карта, паспорт ва бошқа) маълумотларни тарқатмаслик лозим. Айрим ҳолларда телефонга келадиган СМС тасдиқлаш кодларини бегоналарга бериш ҳам киберфирибгарларнинг тузоғига тушиб қолишга олиб келади. 

Шунингдек, кибермаданиятни юксалтириш ойлиги доирасида ўтказиладиган танловлар ҳақида ҳам маълумот берилди. “Энг яхши контент”, “Энг оммабоп челленж”, “Энг таъсирли видеоролик”, “Энг яхши инновацион ёндашув”, “Энг яхши иншо”, “Энг яхши шеър”, “Киберсаводхон маҳалла”, “Банк картаси кодини ҳеч кимга бермайман (видео, фото)”, “Шахсий маълумотларимни сир сақлайман (видео, фото)”, “Энг яхши телелойиҳа”, “Энг яхши радиолойиҳа” каби танловлар жорий йилнинг ноябрь ойи давомида ўтказилади. Танловлар якуни бўйича материалларни баҳоловчи комиссия тузилади ва ғолиблар ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Мулоқот давомида шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва аҳолини огоҳликка жалб қилиш мақсадида ОАВ ва ижтимоий тармоқлар фаоллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги айтилди.

А.Мусаев, ЎзА.