Ана шу мавзуда Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши, интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сонининг ортиши кибермаконда содир этилаётган жиноятлар тури ва кўламини ҳам кенгайтирмоқда.
Хусусан, фишинг, онлайн фирибгарлик, пластик карта маълумотларини қўлга киритиш, зарарли дастурлар орқали маблағ талон-торож қилиш каби жиноятлар аҳоли орасида жиддий хавотир уйғотмоқда.

Тадбирда бошқарма масъуллари томонидан ўтган йиллар мобайнида ахборот технологиялари орқали содир этилган жиноятлар таҳлили, уларни фош этиш борасида амалга оширилган тезкор-қидирув ва процессуал чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Кибержиноятларнинг олдини олишда профилактик тадбирлар алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.
– Кибержиноятларнинг аксарияти фуқароларнинг етарли даражада киберхавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслиги, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш маданияти пастлиги сабабли содир этилмоқда, – дейди вилоят ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходими Азамат Саидназаров. – Мазкур матбуот анжумани аҳоли ўртасида ахборот хавфсизлиги маданиятини шакллантириш, кибержиноятларнинг олдини олиш ва бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Матбуот анжумани очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, журналист ва блогерлар томонидан соҳадаги мавжуд муаммолар, кибержиноятларни тергов қилиш амалиёти, халқаро ҳамкорлик, ахборот хавфсизлигини таъминлашда техник имкониятлар юзасидан қатор саволлар йўлланди.
Бошқарма мутахассислари томонидан ҳар бир саволга атрофлича жавоб берилиб, айрим жиноят турлари бўйича аниқ мисоллар келтирилди. Шунингдек, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш, зарарни қоплаш чораларини аниқлаш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари