Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кибермаданиятни юксалтириш – долзарб вазифа
15:55 / 2025-11-06

Навоий вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИБ томонидан “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада жонлантириш юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда ойлик доирасида фуқароларни огоҳликка ундаш, интернетдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кибермаконда содир этилаётган жиноятларга қарши курашишга қаратилган тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. 

Таъкидланганидек, кибержиноятлар жорий йилнинг ўтган ўн ойида Навоий вилоятида жами содир этилган жиноятларнинг 40,2 фоизни ташкил этади. 

Таҳлилларга кўра, ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган жиноятларнинг 69,7 фоизи Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, Кармана ҳамда Хатирчи туманларига тўғри келади.

– Кейинги йилларда содир этилаётган жами жиноятларнинг орасида интернет ва компьютер технологиялари билан боғлиқ жиноятлар кескин ошиб бормоқда, – дейди вилоят ИИБ ахборот технологиялари соҳасида жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Анвар Саломов. – Мурожаатлар динамикаси шуни кўрсатмоқдаки, аҳолини кибержиноятлардан огоҳлантириш мақсадида доимий тарзда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш лозимлигини тақозо этмоқда. Ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар содир этиш усули ва турлари, жабрланувчиларнинг иш жойи ва бошқа йўналишлар бўйича таҳлил қилиниб, тарғибот ишлари ташкил қилинмоқда. Айни пайтда вилоят миқёсида ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар асосан “APK” зарарли вируслари, “СИПтелефония”, “онлайн савдо”, “сохта трединг” усуллари орқали содир этилмоқда.

Жиноятлар таҳлил этилганда, уларнинг аксарияти жабрланувчиларнинг ўз ҳаракатлари ва эҳтиётсизлиги оқибатида содир этилаётганлиги маълум бўлмоқда. Айниқса, ўзини банк ходими сифатида таништириб, алдов йўли билан фуқаронинг телефон қурилмасига масофадан бошқариш дастурини ўрнатиш орқали унинг номига онлайн кредитлар расмийлаштириш, шунингдек, сохта веб-сайтлар орқали фуқаронинг банк картаси маълумотлари ҳамда тасдиқлаш кодини олиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. 

[gallery-26106]

Матбуот анжуманида вилоятда кибержиноятларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини, жумладан, киберхавфсизлик борасидаги билим ва тушунчасини ошириш мақсадида ички ишлар ходимлари, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш лозимлиги, бу борада ижтимоий роликларни кўпайтириш ва барча контентларда тарқатиш зарурлиги таъкидланди. 

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари