Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда киберкоррупцияга қарши самарали курашиш йўналишида мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш масаласи муҳокама қилинди.
Сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, олимлар, экспертлар ҳамда ёшлар парламенти аъзолари иштирок этган муҳокамалар давомида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган устувор вазифалар таҳлил қилинди.
Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар орасида коррупцияга муросасизлик муҳитини шакллантириш ва киберкоррупцияга қарши курашиш бўйича аниқ чоралар кўриш зарурлиги таъкидланган эди.
Йиғилиш иштирокчилари киберкоррупция тушунчасини ҳуқуқий тартибга солиш, бу йўналишда миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш масалаларига эътибор қаратди.
Шу билан бирга, соҳадаги илмий тадқиқотларни умумлаштириш, халқаро ҳужжатларга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши масаласини ўрганиш, шунингдек, киберкоррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида билдирилган таклифлар Сенат ва Қонунчилик палатасининг “йўл харитаси”да белгиланиши қайд этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА