Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кибер хавфсизликни таъминлаш харажати ошмоқда
14:27 / 2024-02-05

2023 йил дунё бўйлаб кибер хавфсизликни таъминлаш учун кетган харажат ахборот технологиялари учун сарфланган маблағнинг 11,6 фоизини ташкил этган. Бу 2020 йилга нисбатан 8,6 фоиз кўп. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун сарфланаётган маблағ сўнгги тўрт йилда барқарор ўсган.

Кибер хавфсизлик бюджети ўсиши 2022-2023 йилларда 6 фоизни ташкил этган. Ўсиш, айниқса, ривожланган мамлакатларда, хусусан технологиялар, молия ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қайд этилган.

Аввалги даврда бюджет ўсишига, асосан, фавқулодда ҳолатлар, масалан хавфсизлик билан боғлиқ кутилмаган ҳодисалар, компаниялар позицияси қайта кўриб чиқилиши ёки йирик соҳавий бузилиш сабаб бўлган.

Экспертлар фикрича, молия ва бошқа соҳалар ўртасидаги сезиларли тафовут жиноятчиларнинг банк ва бошқа ташкилотларга қизиқиши юқорилиги билан изоҳланади. Айнан шунинг учун ҳам молия муассасалари биринчилардан бўлиб ахборот хавфсизлигини таъминлашга кўп маблағ йўналтира бошлаган.

2022 йилдан бошлаб онлайн муҳитдаги йирик ўзгаришлар туфайли кибер хавфсизликни молиялаштириш янада долзарблашди. Бу жараёнда, айниқса,  кибер ҳужум нархи сезиларли даражада тушиши, шунга мос равишда частота ошиши,  масофадан туриб ишлайдиган ходимлар томонидан ҳимояланмаган қурилмадан фойдаланиш ҳолати кўпайгани, кибер жиноятчилар захирасида уларга аввалгидан кўра тезроқ ҳужум қилиш, ўз ҳаракатини самарали яшириш имконини берувчи янги техника ва усуллар пайдо бўлгани сезиляпти.

Бундан ташқари, жиноятчи энди ўз ҳаракати натижасини очиқчасига эълон қилмоқда, ҳаваскорларни ҳужумга жалб қилиш, уларни ўқитиш ва зарур ресурс билан таъминлашга тайёрлигини билдиришяпти. Натижада анъанавий “DdoS” ёки бошқа носозликка қараганда анча мураккаб ҳужумларни амалга ошира оладиган кибер жиноятчиларнинг янги авлоди пайдо бўлди.

IBM ҳисоботига кўра, 2022 йил маълумот бузилишидан кўрилган зарар қиймати 4,35 миллион долларга етди. Бу 2021 йилга нисбатан 2,6, 2020 йилга нисбатан 12,7 фоиз кўп. Қолаверса, бу фақат тўғридан-тўғри сарф. Билвосита харажат янада юқори: мижозга компенсация тўлаш, бозор улушини сақлаб қолиш, юридик ва пиар харажат, нуфуз тушиши ва ишонч пасайишининг олдини олиш,  тартибга солувчи жарима, даъво бўйича тўлов ва ҳоказо.

Ташкилотларга кибер ҳужум ёки шунга ўхшаш ҳодиса, деярли, ҳар ой содир бўлади, аммо ишончли жамоатчилик маълумотини кўпинча фақат хорижий компаниялардан топиш мумкин. Масалан, 2022 йил шу номдаги гипермаркетлар тармоғини бошқарувчи “Metro AG” компанияси кибер ҳужумга учради. Натижада ахборот технологиялари инфратузилмасининг бир қисми ўчириб қўйилди, тўлов ва онлайн-дўконлар учун етказиб бериш хизматида муаммо юзага келди. Буюртма тўхтаб қолиши оқибатида бизнеснинг халқаро миқёсдаги қисмига етказилган зиён 230 миллион евродан ошиб кетди.

Афсуски, бугунги кунда ахборот хавфсизлиги ҳодисасидан кўрилаётган зарарни баҳолашнинг умумий қабул қилинган методологияси мавжуд эмас. Йўқотиш нисбатан кичик бюджетли хавфдан тортиб, компания фаолиятини тўхтатишга олиб келадиган ҳалокатли хавфгача бўлиши мумкин.

Кибер хавфсизлик бюджетини оптималлаштириш кенг қамровли хавфсизлик технологияси тўплами, профессионаллар жамоаси ва йирик сармоя талаб қилади. Хилма-хил маҳсулотдан фойдаланиш юқори мураккаблик, ортиқчалик (бир-бирига мос келмайдиган фунционаллик)ни келтириб чиқариши мумкин. Бу одатда компаниянинг самарали ишлашига тўсқинлик қилади ва албатта, ташкилотдаги қарор қабул қилувчилар учун кибер хавфсизликни кучайтиришга қарши кучли далилдир. Яна бир факт шуки, ходимлар ва меҳнат учун сарфланадиган маблағ харажатнинг салмоқли қисми – умумий хавфсизлик бюджетининг 38 фоизини ташкил қилар экан.

Бу йил глобал хавфсизликни таъминлаш йўналишида ишчи кучи ўсиши секинлашган, аммо ишга ёллаш учун сарфланган харажат 16 фоиз ошган.

Хуллас, ахборот хавфсизлиги харажати ўсиш суръати йил сайин ортмоқда.

С.Раҳимов, ЎзА