Андижонда ижтимоий тармоқ орқали содир этилган навбатдаги фирибгарлик ҳодисаси фош этилди. Телеграмдаги виртуал танишув орқали бошланган мулоқот аёл учун молиявий зарар ва омадсиз ёлғон ҳикоя билан тугади.
Кўрғонтепалик аёл телеграм мессенжери орқали "Андижон совчилар" деб номланган гуруҳда ўзини Тошкентда яшайди деб таништирган бир эркак билан мулоқотни бошлайди. Бир неча ҳафталик алоқалардан сўнг, эркак ишонч қозониш мақсадида турли ваъдалар беради. Аёл унинг гапларига ишониб, уч ой мобайнида турли пластик карталарга 1 900 доллардан ортиқ пул ўтказади. Аммо ваъдалар амалга ошмайди — пуллар ҳам, эркак ҳам кўринмайди.
Жабрланувчи аёл вазиятдан чиқиш иложи қолмаганини тушуниб, ички ишлар бўлимига мурожаат қилади. Тезкор тадбирлар давомида аниқланишича, ўзини пойтахтлик деб таништирган шахс аслида Андижон шаҳрида яшовчи 2002 йилда туғилган йигит экан. У турли баҳоналар билан ўзининг ва танишларига тегишли бўлган карталар рақамини юбориб, аёлдан пул олиб тургани маълум бўлди.
Ўрнатилган тартибда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди, тергов ҳаракатлари эса давом этмоқда.
Ички ишлар органлари фуқароларни яна бир бор огоҳлантиради: ижтимоий тармоқларда нотаниш шахсларга ишониш, шахсий маълумот ёки маблағ юбориш — фирибгарлар қўлига ўйинчоқ бўлиб қолиш хавфини кучайтиради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XyIAd4EMdWw" title="Kiber romantika: virtual tanishuv qimmatga tushdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, ЎзА