Хусусий агентликлар фуқаролардан 79,1 миллиард сўмга яқин пулни фирибгарлик билан ўзлаштириб олган
2020 йилнинг 13 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун жорий йилнинг 13 ноябридан кучга киради.
2020 йилнинг 13 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун жорий йилнинг 13 ноябридан кучга киради.
Мазкур қонун ижросини ижрочиларга етказиш, мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтирилишини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида хусусий бандлик агентликлари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.
Унда мамлакатимиз фуқароларини хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шароит яратиш бўйича тизимли ишлар ҳақида сўз юритилди. Ташқи меҳнат миграцияси жараёнларида иштирок этаётган фуқароларнинг чет элда ишлаб келиш зарурати ва омиллари таҳлил қилиниб, уларнинг муаммолари, машаққатли меҳнати эвазига турмуш даражасини кўтариш бўйича орзу-истакларини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 октябрдаги “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган низомларга мувофиқ, хусусий бандлик агентликлари, билимни баҳолаш марказлари, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.

Айни вақтда 103 та хусусий бандлик агентлиги реестр рўйхатидан ўтган. Шундан 75 тасига белгиланган тартибда лицензия берилган ва 25 таси ушбу лицензия асосида фаолият юритмоқда.
2019-2020 йилларда хусусий бандлик агентлиги ( ХБА) ларнинг саъй-ҳаракати билан 3 минг 214 нафар Ўзбекистон фуқароси Россия, Туркия, Литва, Латвия, Польша, Болгария, БАА, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Украина ва Қатар каби давлатларга қонуний тарзда ишга жойлаштирилди. Бироқ, хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари учрамоқда. Таҳлилларга кўра, бугунги кунда 11 та ХБАнинг 51 нафар раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан жиноий иши қўзғатилган. Улар 9 минг 338 нафар фуқародан 79,1 миллиард сўмга яқин пулни фирибгарлик билан ўзлаштириб олган.
Келгусида бу каби ҳолатлар юз бермаслиги, ХБАларнинг жиноий ҳаракатларнинг олдини олишда 2020 йил 13 августда Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис учрашувда мазкур қонунда киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти хусусий бандлик агентликлари раҳбарларига тушунтирилди.