Хуш келдинг, уйғониш фасли, қадриятлар бешиги – Наврўзи олам!
Эрта тонгда атрофга юзлансам, кеча мудраётгандек туюлган бодом новдалари шудрингларини артиб, гулга бурканибди.
Эрта тонгда атрофга юзлансам, кеча мудраётгандек туюлган бодом новдалари шудрингларини артиб, гулга бурканибди. Ўрик куртак ёзиб, уйғонаётир. Майсаларга жон инмоқда. Тонг маҳали осмонни бир зумда қора булут қоплаб, баҳор ёмғирининг илк томчилари майин севалаб ўтгани ҳам яшариш фаслидан дарак бергандек бўлди гўё.
Бугун она табиатнинг бетимсол куч-қудрати субҳидамда ўзгача ҳайрат, ўзгача шодлик улашди, ёқимли табассум туҳфа этди. Демак, Сурхондарёда яна қадим қадриятларимиз тароватини кенг намоён этадиган байрам – Наврўз шукуҳи эсмоқда.

Халқимиз минг йиллардан буён шарқона янги йил сифатида шоду хуррамлик билан нишонлаб келаётган Наврўз биз учун энг суюкли, энг азиз байрамга айланган. Асрлар давомида миллий маънавиятимизни ривожлантирган улуғ айём, хонадонлар, қишлоқ ва маҳаллаларга, серфайз юртимизга осуда ҳаёт, баҳорий қувонч, ҳалол ризқ-насиба олиб келадиган гўзал шодиёна сифатида қадр топган.
Ўтган асрда тузумнинг турли чиғириқларидан омон қолган Наврўзимиз истиқлол шарофати билан қайта тикланди. Шарқона янги кун, янги йилни халқимиз миллий қадриятларимизга хос эмин-эркин кутиб ола бошлади. Дошқозонларда осилган сумалак, халим ва бошқа тансиқ таомлар, турли халқ ўйинлари ёшу кексага бирдек қувонч бағишлади. Бироқ, бундан тўрт йил аввал ҳам энг қадимий байрамимизни нишонлашда қандайдир кемтик борлигини ҳис этар эдик. Бу қуйидан то пойтахтгача Наврўзга бағишланган асосий байрам дастурининг тор доирада намойиш этилгани ва халқ сайли сифатида кенг нишонлашга эътибор қаратилмаганида кўзга ташланиб қолаётган эди.

Президентимизнинг 2017 йил 28 февралдаги қарори билан яшариш ва яшнатиш байрамининг умумхалқ сайли сифатида хушманзара табиат қўйнида нишонланаётгани халқимизнинг фахр туйғусини юксалтирди. Барчага ўзгача шукуҳ, завқу шавқ улашди. Наврўзга соғинч ҳиссини кучайтирди.
– Илгари вилоят, туман ва шаҳарнинг асосий байрам тадбирида кўпчилик иштирок этишни истаса-да, лекин барчага ҳам уни кириб, томоша қилишнинг иложи йўқ эди. Ўриндиқлар чекланган амфитеатрларда уч-тўрт минг киши иштирок этар эди, холос, – дейди вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари, Сенатор О.Соатов. – Давлатимиз раҳбарининг қадимий байрамимизни кенг табиат бағрида, халқ сайли тарзида нишонлашга йўналтирилган мазкур қарори барчанинг кўнглидаги гап бўлди. Шунингдек, миллий анъаналаримизга мос турли дастурлар, халқ ўйинлари ва спорт беллашувлари билан бойитилгани кексаларимизнинг қувонч, ёшларнинг ғурурланиш ҳиссини ошираётир. Яшариш ва яшнатиш фаслига улуғ орзулар билан талпиниб яшашга ундамоқда.

Юртимизда Наврўз насимлари Сурхондарёдан бошланади, деган гап юради. Бунда ҳам чуқур маъно бор. Ҳали мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида табиат мудраб турган бир пайтда жанубдаги воҳада дов-дарахтлар уйғониб, бойчечак бўй кўрсатади. Дошқозонларда сумалак пиширилиб, дала юмушлари бошланиб кетади. Наврўзолди ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига киришилади. Эзгу ниятлар билан баҳорга пешвоз чиқаётган деҳқону боғбон ва соҳибкорлар бу йил ҳам дала юмушларини бошлаб юборди.
Донишмандларимиз миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисмига айланган Наврўзнинг қуёш ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланиш юз бериб, баҳор келиши билан боғлиқ эканини илмий асослаб берган. Умар Ҳайём “Наврўзнома” асарида бу шодиёнани нишонлашнинг ўзига хос тартиб-таомиллари шакллангани, оддий одамлар орасида ҳам уй-жойларни тозалаб, тартибга келтириш, гул ва кўкатлар билан безаш, ота-она ва бошқа қавму қариндошлар билан дийдор кўришиш, марҳумлар қабрини зиёрат қилиш каби удумлар мавжуд бўлганини қайд этган.

Наврўз – миллий қадрият ва урф-одатларимиз асл ҳолида бўй кўрсатадиган мафтункор байрам. Воҳада сўнгги йилларда ўтказилаётган халқ сайилларида ўзлигимиз кенг намоён этилаётгани эътиборга моликдир. Жорий йилда ҳам вилоятнинг асосий байрам тадбирини Термиз туманидаги Отчопар майдонида ўтказиш мўлжалланмоқда. Яшилликка бурканган майдонда Термиз шаҳри, туманлар, йирик корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари учун қўрғонлар ажратилиб, ўтовлар ўрнатилади. Асрлар давомида сайқалланиб, бизгача етиб келган урф-одат ва анъаналаримиз кенг намоён этилади. Машҳур дорбозлар, қизиқчилар ва бахши-шоирлар ўз санъатлари билан барчани хушнуд этади. Ўлмас қадриятга айланган миллий ҳунармандчилик буюмлари, достон, терма ва лапарлар, халқ ўйинлари, миллий спорт турлари тарғиб қилинади. Кайвони момоларимиз қизларга баҳорнинг тансиқ таоми – сумалак, қўли гул ошпазлар йигитларга тандир кабоб тайёрлаш сирларидан сабоқ беради.
Бу йилги оммавий халқ сайилларида миллий урф-одатларимиз тараннум этилган қизиқарли кўрик-танловлар ўтказиш режалаштирилган. Тандир кабоб, дошқозонларда осилган сумалак, кўк сомса ва кўкламнинг бошқа тансиқ таомлари, кураш ва кўпкари мусобақалари, “арқон тортиш”, “варрак учириш”, “чиллак”, “бештош”, “ким олади-ё, шугинани-ё?” сингари қизиқарли халқ ўйинлари ўтказилади. Санъаткорларнинг ранг-баранг концерт дастурлари барчага бир олам шодлик, ўзгача қувонч бахш этади.