Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Худойберган Девоновнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб чоп этилди
17:03 / 2020-01-17

Ислом Каримов фонди илк ўзбек фотосуратчиси ҳамда миллий кино асосчиси Худойберган Девоновнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китобни нашр этди. Нашр Мустақил Ўзбекистон асосчиси Президент Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллигига бағишланган туркум тадбирлар доирасида чоп этилган.


Ислом Каримов фонди илк ўзбек фотосуратчиси ҳамда миллий кино асосчиси Худойберган Девоновнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китобни нашр этди. Нашр Мустақил Ўзбекистон асосчиси Президент Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллигига бағишланган туркум тадбирлар доирасида чоп этилган.

Ўзбек ва рус тилларидаги ушбу китоб муаллифи кўп йиллардан буён жадидчилик ҳаракати бўйича илмий изланишлар олиб бораётган атоқли олим, академик Наим Каримов. Қимматли архив ҳужжатлари асосида яратилган рисолада Худойберган Девоновнинг касбий, ижодий ва ижтимоий фаолияти кенг ёритилган.

Муаллиф Ўрта Осиёда фотосуратчилик фаолияти ривожланаётган кезларда Девоновнинг илк ўзбек фотографи сифатида шаклланишини тадрижий равишда, батафсил ҳикоя қилади. Ноёб архив фотосуратлари эса китобнинг илмий қимматини янада оширади.

Худойберган Девонов 1878 йили Хива шаҳрида дунёга келган. У болалигиданоқ ҳар томонлама чуқур билим олади, араб тилини мукаммал ўрганади, шеърият, мусиқа ва боғдорчилик билан шуғулланади. 1901 йилда ўша кезлар Хоразмда истиқомат қилган олмон суратчиси Вильгельм Пеннердан фотосанъатини ўрганишга киришади. Москва ва Петербург сафари Худойберган Девонов ижодий фаолиятида бурилиш ясаган дейиш мумкин. У айнан ушбу сафар давомида киносъёмка учун зарур асбоб-анжомларни харид қилади.

Девонов 1908 йилда илк маротаба Хоразмнинг тарихий обидалари, минора ва масжидларини кинотасмага муҳрлайди. Шу боис ҳам мазкур сана ўзбек киносининг тамал тоши қўйилган йил дея эътироф этилади. Санъаткор “Ўрта Осиё меъморий ёдгорликлари”, “Туркистон кўринишлари” каби ҳужжатли фильмларида ўзбек халқининг ҳаёти, урф-одатлари ва анъаналари хусусида холис маълумот беради. Бу жиҳатдан, мазкур филмлар бугун нодир тарихий ҳужжатларга айланиб улгурган.

Девонов жадидчилик ҳаракати намояндаларидан бири эди. Шу боис ҳам у 1937 йилда қамоққа олинади ва 1938 йили 5 сентябрда ўлим жазосига ҳукм этилади. Ҳукм 4 октябрь тунида, Тошкентнинг Юнусобод туманидаги машъум қатлгоҳлардан бирида ижро қилинади.

Худойберган Девоновнинг фото ва кино санъатига оид ижодий ишлари халқ ва она Ватанга муҳаббат билан йўғрилган. Муаллиф ўз асарларида ўша давр руҳи ва нафасини сақлаб, тарихий ҳақиқатни тўлақонли акс эттиришга муваффақ бўлган.