Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор қайси шайбоний ҳукмдорга ўз исмини қўйган эди?
Ватанимиз тарихидаги 21 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
Кун тарихи
Ватанимиз тарихидаги 21 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1529 йил (бундан 491 йил олдин) – Хуросонга юриш қилган шайбоний Убайдуллоҳ бир неча ойлик қамалдан сўнг ҳижрий 936 йил сафар ойининг ўн саккизинчиси(1529 йил 21 октябрь)да Ҳирот шаҳрини тўртинчи марта эгаллади. Бироқ шу йили 28 декабрда Шайбонийлар сулоласининг хони Кўчкунчихон Самарқандда вафот этиб, Убайдуллоҳ таъзияга кетгач, Ҳирот яна қўлдан чиқди. У кейинчалик Ҳиротни бешинчи марта ҳам эгаллаган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Убайдуллоҳ – Муҳаммад Шайбонийхоннинг жияни, Маҳмуд Султоннинг ўғли. Отасининг илтимосига кўра, унга Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ўз исмини берган (Бобурга ҳам Заҳириддин Муҳаммад исмини айнан Ҳожа Убайдуллоҳ Аҳрор қўйган эди). Бухорода Мир Араб номи билан машҳур бўлган давлат арбоби ва саркарда амир Абдулла Яманий унга ҳарбий санъатдан сабоқ берган.
Убайдуллоҳ 1533 йилда туркий анъанага биноан султонлар ичида энг ёши улуғи сифатида Бухорода шайбонийлар сулоласининг хони қилиб кўтарилган. Пойтахт ҳам Самарқанддан Бухорога кўчирилиб, давлатнинг номи расмий равишда Бухоро хонлиги деб аталган. Убайдуллоҳхон “Убайдий”, “Қул Убайдий”, “Убайдуллоҳ” тахаллуслари биланн ўзбек, форс ва араб тилларида ижод қилган.
1888 йил (бундан 132 йил олдин) – касби бўйича иккинчи гильдия савдогари, маҳаллий ипак, жун ҳамда ип-газлама буюмлари фабрикасинннг хўжайини Мирза Абдулла Бухорийнинг розилиги билан Петербургга 6 қути қадимги танга ва бошқа нарсалар юборилди. Ҳаммаси бўлиб жўнатилган 6 минг 300 қадимий антиқа буюмларнинг кўпчилиги Археология комиссияси томонидан қабул қилинди. Шу йили комиссия бу буюмлар ичидан Эрмитаж музейи учун тунждан ишланган шарқ ойнаси билан мис кўзани танлаб олди.
Тарихчи олим Ҳайдарбек Бобобековнинг қайд этишича, орадан бир йил ўтгач Мирза Абдулла 13 та олтин ва мис танга, яна икки йилдан сўнг эса Эрмитаж учун 11 та сопол идиш ҳам юборди. Бу билан катта миқдордаги ноёб экспонатларнинг юртимиздан чиқиб кетишида иштирок этди. Мазкур қадимий антиқа буюмлар тарихимиз ва маданиятимизнинг бир бўлаги эди.
1917 йил (бундан 103 йил олдин) – депутат Мунавварқори Абдурашидхоновнинг таклифи билан Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев ва Содиқ Абдусатторовлар Тошкент шаҳар Думасининг 21 октябрдаги мажлисида университет ташкил этиш комиссиясига киритилди. Уларга университет ташкил этишда мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилиш зарурлиги уқтирилди. Шу тариқа, жадидлар олий таълимнинг асоси – университет ташкил этиш учун Тошкент шаҳар Думасини ҳам ишга солдилар.
1989 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги “Ўзбек тили байрамини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига асосан 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
2016 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади