Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ХОТИРА: Ухлатмоқ мушкулдир уйғоқ шоирни...
17:06 / 2020-04-14

Бундан бир-бир ярим ойлар чамаси устозни йўқлаб, уйига бордик.


Бундан бир-бир ярим ойлар чамаси устозни йўқлаб, уйига бордик. Анвар ака суҳбат асносида устози Эркин акани эслади, гапининг мағзи, ҳарорати, ҳаяжонидан устозни соғингани шундоқ кўриниб турарди. Суҳбат индаллосида Анвар ака бир гап айтдики, юрагимиз қалқиб, ўртаниб кетди.

– Эркин аканиям шу оғриқ беҳол қилувди, шу дард олиб кетувди!

Ҳаммамиз бир-биримизга қарадик. Ўртага оғир сукунат чўкди.

– Устоз, Эркин акани ёшига етгунингизча ҳали кўп қовун пишиғи бор. Ҳали тузалиб, отдай бўлиб кетасиз, – дедим.

Анвар ака бу гапимизни ҳазилга йўйди:

– Устоз билан дарддошлигимиздан бир фахрланиб қўяй дедим-да.

Бу гап бизни анча вақтгача хавотирга солди. Кейинги суҳбатларда умуман хасталигидан оғиз очмади. Бироқ... Не ҳасратки, у кишининг айтганлари рост бўлди. Маънавий пирлари йўлида озурда, дарддош кетди. Ҳаққа етишиб қолган экан, бу дунёнинг этагига қўл силкиб, Ҳақ дунёсига ҳозир турган экан. Айтганлари, ёзганлари башорат эди гўё:

Тангримдан розиман минг бор, минг марта,
Меҳрибонлик қилиб эҳтиёт шартдан –

Ўғил берди менга бештасин жамлаб.
Ўлсаму дўстларим кечикса агар,
Тобутни тўрт ўғлим елкага олар,
Биттаси олдинда борар отамлаб...

Улуғ устозимиз, ўзбек адабиётининг йирик вакили, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон вафоти ҳақидаги қайғули хабар етти ёшдан етмиш ёшгача юртдошларимизни эсанкиратиб қўйди. Ўша куни “Болажон” телеканалида “Мешполвон” киноасарини неваралар билан йиғлаб-йиғлаб кўрдик. Ўзбек адабиёти улкан чиноридан айрилди.Олтиариғимдан сув ичган икки муаззам чиноримдан айрилдим. Адабиёт карвонидаги сарбонларимдан айрилдим.

Чўққининг баландлиги олисдан кўринади, дейишади. Айрилиқдан сўнггина биз унинг ҳайбати, улуғворлиги, муҳаббати, ҳароратини юрак-юракдан чуқур туйдик. Анвар Обиджон қалбимизнинг илдиз илдизларига сарчашма бўлиб сингиб кетгани, маънавий куч-қудрат бағишлагани исботини ижтимоий тармоқлардаги ҳамдардлик ёзишмалари, яхши инсон эканига гувоҳлик қайдлари, мухлислар архивидаги суратларни кўриб, ўзимизни йиғидан тўхтата олмадик. Лекин таскин бор: устоз ўзи ёзганидек, элга азиз бўлиб кетибди:

Дўстларим мармардан бермангиз сайқал,
Қабрим ҳам кўринсин ўзимдай содда.
Юртга керак бўлсам шу ўзи ҳайкал,
Элга азиз бўлсам сақлашар ёдда.

Шу ўринда айтишим керакки, адабиётимизнинг икки забардаст дарғалари ўртасида ҳамма ҳавас қилса арзийдиган узилмас ришта, бебаҳо дўстлик, адабий ҳамкорлик бор эди. Эркин ака шогирдларининг ижодига жуда юксак баҳо берарди. Бир битигида: “Анваржоннинг илк шеърларини ўқиганимдаёқ бу ижод намуналари содда ва самимийлиги, шу билан бирга мантиқнинг кучлилиги, катта фалсафаси мени ҳайрат ва ҳаяжонга солганди. Ўшандаёқ мен вақти келиб, Анвар Обиджон халқимизнинг энг эъзозли ва суюкли шоирларидан бири бўлиб етишишига чин кўнгилдан ишонгандим. Қувонч билан айтиш жоизки, Худойберди Тўхтабоев болалар адабиёти прозасига ўзига хос янгиликлар олиб кирган бўлса, Анвар Обиджон болалар поэзиясида ўзига хос мактаб ярата олди. Бу икки забардаст ижодкорнинг ҳамюртларим фарғоналиклар эканлиги билан ҳамиша фахрланаман” деб ёзган эди. Мана бу мутойиба тўртликларини юқоридаги фикрнинг ифодаси деб айтиш мумкин.

Шоир Анвар Обиджонга ҳазил шеър йўқ,
Ўйлар акам тўрт йўл ёзса ўлармиди?
Унинг ўзи тўппонча-ку, ҳар сўзи ўқ,
Қурол билан ҳазиллашиб бўлармиди?

Устозинг ҳақида сўз айтиш ҳам осон, ҳам ғоят мушкул. Осонлиги шундаки, харсангларни ёриб чиққан бу булоқнинг бўйида ранг олиб улғайгансан, кафтларида сенга оби кавсар тутган зилолни яхши биласан. Мушкуллиги шундаки, сокин, лекин теран дарёнинг тубидаги олтину жавоҳирлари, инжуларини, бу осойишта кўринган дарёнинг дардлари, сиру асрорларини илғаш, англаш ғоят мушкул.

Онажон, шоирлик мансаби оғир,
Эл ғамида кун-тун тийракдир кўзи.
Раҳми келиб унга бир куни охир,
Ухлатиб қўяди Тангрининг ўзи.

Ўзи ёзганидек, у сўз мулкида тийраккўз эди, сўзга жон берган, шеър ғамида ҳаловат топмаган заҳматкаш эди. У нафақат болалар шоири, истеъдодли носир, драматург, таржимон, киносценарист, бадиий публицист, фидойи муҳаррир, жонкуяр устоз эди. 1970 йилларда Анвар Обиджон Олтиариқ туманининг “Пахта учун” газетасида қишлоқ хўжалиги бўлими мудири бўлиб ишлар эди. Лекин асосий ишидан эмас, газета қошида ташкил этилган ижодий тўгарак раҳбари сифатида ёш ижодларни тарбиялаб, кашф этиб, ҳузур қиларди.

Анвар Обиджон “йилт” этган истеъдод учқуни аланга олишига қайғурган меҳрибон устоз эди. Ҳақиқий истеъдодлар ҳар куни осмондан чалпакдек ёғилавермайди, уларни эҳтиётлашимиз керак, деб парвона бўларди. Ўнлаб ёш истеъдодларни бошини силаган эди.

Шоир асарларининг жозибаси, қудрати нимада эди? Оддийлиги, соддалигидами, зукколиги, ҳозиржавоблигидами? Ёки сиз кутмаган фалсафий якундами? Унинг сўздан ясалган сеҳрли таёқчаси оддий нарсалардан мураккаб фалсафа ясайди. Шоирнинг ёзганлари халқона, самимийлиги билан кўнгилларни забт этади. У ҳайқириқбозлик, баландпарозлик, гумбур-гумбурдан холилиги билан умрбоқий ва севимли. Айниқса, ўзбек болалар адабиёти шоир кўтарган машъала билан жаҳонийликка муносиб бўлди.

Биз шогирдлар учун бағрикенглик, ҳалоллик, камтарлик тимсоли эди. Энг қимматлиси, сўз ва амал уйғунлигигини сарбаланд тутган ижодкор эди. Ёзганига амал қиларди.

Анвар Обиджон тили билан дили бир, камтарин, ҳалим табиатли, заҳматкаш инсон эди. Мамлакат миқёсида ўтказилган адабиёт байрамларида биринчи бўлиб сўзлашга, тўрга чиқишга ғоят тортинарди. Кичкинагина ёш шоир бўлса ҳам пойтахтдан келган, мендан аввал сўз беринг, деб туриб оларди. Меҳмонхонада жой етишмаса дарров уйига олиб кетар, Фарғонанинг шаъни, орияти учун ҳеч нарсани аямасди. Фарғоналик, деган сўзни жонда қўриқларди. Шу оғир кунларда миллатнинг буюк шоирини, бағрикенг устозимизни йўқотиб қўйдик. Бир ўй ёруғ қалбга таскин беради. Анвар Обиджон абадий ҳаётга йўл олди. Адабиёт чаманининг салафлари Навоийлар, ўзи соғинган Эркин Воҳидлар ёнига кетди. Лекин шоир улкан ижодий мерос, одамийлик сабоғини қолдиргани билан барҳаётдир.

***

Аъзам Ўктам ёзмоқчи бўлган шеър:
Онажон қийнаманг, ўзингизни-да,
Менида “оромсиз болапақир”ни,
Кор қилмас аллангиз энди беҳуда,

Ухлатмоқ мушкулдир, уйғоқ шоирни.
Онажон шоирлик мансаби оғир,
Эл ғамида тун-кун тийракдир кўзи,
Раҳми келиб унга бир куни охир,

Ухлатиб қўяди, Тангрининг ўзи...
Руҳингиз ором топган бўлсин, илоҳим. Омин.

Энахон СИДДИҚОВА,
Ўзбекистон халқ шоири.