Хотин-қизлар тенг ҳуқуқлилик масаласи – ислоҳотлар асоси
Ўзбекистонда хотин-қизлар гендер тенглиги масаласи мамлакатимиз ҳукуматининг устувор вазифаларидан биридир.
Ўзбекистонда хотин-қизлар гендер тенглиги масаласи мамлакатимиз ҳукуматининг устувор вазифаларидан биридир.
Бош қомусимизнинг 46-моддаси аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигига бағишланган бўлиб, унда хотин-қизларга таълим олиш, касбий тайёрланиш, иш, меҳнат учун рағбатланиш ва хизмат юзасидан кўтарилишида тенг ҳуқуқий имкониятлар яратилиши белгиланган.
Мамлакатимиздаги салкам 34 миллион аҳолининг 49,7 фоизини аёллар ташкил этади. Уларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар, амалга оширилаётган ислоҳотларда хотин-қизларнинг салмоғи ҳақида бутун дунё ҳамжамияти хабардор этиб борилмоқда.
Шу билан бирга, барча вазирлик, идора ва ташкилотларда хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича тегишли комиссиялар тузилиши ва улар томонидан гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг аҳволини яхшилашга қаратилган асосий вазифалар белгиланиб олингани юқоридаги фикрларнинг яққол ифодасидир.
Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида ҳал этишда, бошқарув самарасини оширишда опа-сингилларимизнинг ўрни ва таъсири жуда катта.
БМТ Бош Ассамблеясининг 1967 йил 7 ноябрда қабул қилинган Аёлларга нисбатан камситишларни бартараф этиш Бутунжаҳон декларацияси 1-моддасида “Аёлларга нисбатан камситиш, уларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилигини рад этиш ёки чеклашга олиб келадиган ҳолатлар қайд этилса ўз моҳиятига кўра адолатсизлик бўлиб, инсон қадр-қимматига қарши жиноят содир этилган ҳисобланади”, дейилган.
Дунёнинг аксар мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам БМТ томонидан ишлаб чиқилган Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида 2030 йилгача мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш бўйича бир қатор мақсад ва вазифалар белгилаб олинди. Айниқса, ана шу мақсадларнинг бешинчиси, тўғридан-тўғри “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” масаласига қаратилган бўлиб, унда ушбу муаммони бартараф этишнинг 9 та вазифаси тасдиқланган. Унга кўра, хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини, шу жумладан, одам савдоси, жинсий эксплуатация ҳамда эксплуатациянинг бошқа шаклларини тугатиш, эрта ва мажбурий никоҳлашни тугатиш, коммунал хизматлар, инфратузилма ва ижтимоий ҳимоя тизимларини тақдим этиш орқали хотин-қизларнинг уй-рўзғор юритиш бўйича ҳақ тўланмайдиган меҳнатини тан олиш ва қадрлаш, миллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда оилада хўжалик юритиш учун умумий (тенг) масъулият тамойилини рағбатлантириш кабилар шулар сирасидан.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларининг қабул қилиниши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтармоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги 562-сон қонуни мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимояси борасида муҳим дастуриламал бўлди. Унда гендер тенгликка хилоф бўлган барча чекловлар, хатти-ҳаракатлар тўлиқ тавсифланган. Жумладан, жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёлларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини камайтиришга ёки тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш жинси бўйича бевосита камситиш, сиртдан холис бўлиб туюладиган, бироқ бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятлар, ҳолатлар, мезонлар ёки амалиётлар эса жинси бўйича билвосита камситиш сифатида қабул қилиниши белгилаб қўйилган.
Мухтасар айтганда, бугун жамият ҳаётида хотин-қизларимиз ўрни ва уларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Ўзбекистон дунё ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётгани мунис аёлларимизнинг фаоллиги билан бевосита боғлиқдир. Зеро, мамлакатимизда жамият ва давлат ишларини бошқариш, сайлов жараёни, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида аёллар ва эркакларнинг тенг иштироки ҳуқуқий асослар билан кафолатлангани муҳим аҳамият касб этади.
Шуҳрат ШАРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги
бошқарма бошлиғи.