Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий тажриба самараси нимада кўринади?
10:59 / 2020-01-28

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида машинасозлик, тўқимачилик, электр техникаси, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, чарм-пойабзал ва бошқа тармоқларда 95 та 210 миллион долларлик истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда.


“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида машинасозлик, тўқимачилик, электр техникаси, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, чарм-пойабзал ва бошқа тармоқларда 95 та 210 миллион долларлик истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда иқтисодиётни изчил ривожлантириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш борасида Фарғона вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир.

Ўтган қисқа вақт ичида “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида хорижий инвесторлар ва тадбиркорларни жалб этиш борасида салмоқли ишлар бажарилди. Иқтисодий ҳудудда бизнес юритиш учун барча шароит ва имтиёзлар яратиб берилмоқда.

photo5296466825644715101.jpg

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг умумий майдони 709 гектар. Биринчи ҳудудда фаолият кўрсатиб турган тадбиркорлик субъектлари, саноат корхоналари жойлашган бўлса, иккинчи ҳудуд бўш турган дашт ер-майдонларидан иборат. Учинчи ҳудуд Қўқон шаҳри ичидаги механика ҳамда суперфосфат заводлари сингари 4 корхона майдонида жойлашган.

Ўтган йилда ўз ичига иккита, яъни «А» ва «В» зоналарини бирлаштирган 110/10 кВли «Қўқон ЭИЗ» подстанцияси ишга туширилди. Мазкур подстанция тадбиркорларни узлуксиз ҳамда сифатли электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори Фарруҳ Раҳмоновнинг айтишича, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирлиги, Англия, Туркия ва Сингапур давлатларининг ишбилармонлари билан ҳамкорликда 14 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Биргина ўтган йилда 32 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 13,8 миллион доллар ҳажмида тўғридан-тўғри хориж инвестициялари жалб этилган. Ишга туширилган корхоналар томонидан 795,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 8,9 миллион доллар ҳажмида маҳсулот экспорт қилинишига эришилди. Шунингдек, бу ерда Туркиянинг “Гебзе” саноат зонасининг тажрибасини жорий қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда бу ерда фаолият кўрсатаётган “Бетон-плита” масъулияти чекланган жамиятининг “Pipitto” корхонаси истеъмол бозорида талаб юқори бўлган болалар тагликлари ва аёллар гигиеник воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Тадбиркор томонидан 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги бошланғич улуш ва 1,3 миллион доллар кредит маблағи жалб этилиши ҳисобига 40 та янги иш ўрни яратилди.

photo5296662603138968586.jpg

Лойиҳа ташаббускори томонидан 2,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарфланиб, гипсокартон ва қурилиш гипси ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилган “Яйпан агро инвест” масъулияти чекланган жамиятида 100 та муқим иш ўрни яратилишига эришилди.

– Бугун юртимизда қурилиш-бунёдкорлик ишлари авжида, – дейди “Яйпан агро инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нуриллохон Ғуломов. – Шу боис қурилиш материалларига бўлган эҳтиёж жуда катта. Корхонамизда яқин истиқболда бозор талаби ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда сифатли қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш кўзда тутилган.

2020-2022 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланган бўлиб, иқтисодий ҳудудда ҳам йирик лойиҳалар ишга туширилиши белгиланган. Хусусан, «Shaffof omadli sanoat» масъулияти чекланган жамияти томонидан электромобиль ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади. Уни ташкил этиш муддати 2022 йилнинг 1 октябрь куни этиб белгиланди. Завод йилига 2 минг дона электромобиль ишлаб чиқаради. Лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион доллар бўлиб, 24 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир.