Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижга турмушга чиқаётган қизлар...
22:44 / 2020-10-21

Сўнгги вақтларда қизларимизнинг хорижликларга турмушга чиқаётганини эшитиб, ҳайратланмай қўйдик. Сабаби, бу каби ҳолатлар ижтимоий тармоқларда, маҳалла - кўйда кўп учраётганлигидан қулоқларимиз ҳам ўрганиб қолди,шекили.

Мулоҳаза

Сўнгги вақтларда қизларимизнинг хорижликларга турмушга чиқаётганини эшитиб, ҳайратланмай қўйдик. Сабаби, бу каби ҳолатлар ижтимоий тармоқларда, маҳалла - кўйда кўп учраётганлигидан қулоқларимиз ҳам ўрганиб қолди, шекили.

<iframe width="1038" height="584" src="https://www.youtube.com/embed/dYESg_MFKg0" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Илгари, вилоятлараро боғланган қуда-андачилик ришталарини эшитсам, юрагим бир оғриб қўярди. Бугун “замонавийлашиб”, “дунёқарашимиз ошиб” қучоғимизда улғайган, кўз олдимизда вояга етган, ибосию ҳаёсига бутун дунё ҳавас қиладиган ўзбегим малакларини қўшқўллаб ўзга давлатнинг фуқароларига келинликка топшираяпмиз.

– Қизларимизнинг айримлари Корея, Хитой ва бошқа хорижий давлатларга ҳою-ҳавас ортидан эргашиб, турмушга чиқиб кетяпти, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бошқармаси бошлиғи Мукаррам Нурматова. – Биз бунда қизларимизни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда бўшлиқ бор эканлигини кўряпмиз. 

Мамлакатимизда хотин-қизларга жуда катта шароитлар яратилган, яратилмоқда. Қиёслаш учун бир мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман. 2019 йил 2 сентябрда Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Буни бошқа давлатларга солиштириб талқин қиладиган бўлсак, ҳали баъзи қўшни давлатларда ҳам гендер тенглиги масаласи бўйича қонун қабул қилиш у ёқда турсин, улар мана шу масалани энди кўриб чиқишяпти. Ёки тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича ҳам энг ривожланган мамлакатларнинг кўпида бу қонун қабул қилинмаган.

Илгари турмуш ўртоғи билан ёки қайнонаси билан келиша олмай кўчада қолган аёлларни қандай ҳимоя қилишни билмасдик. Ҳозир тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларимизни давлат ўз ҳимоясига олганлиги, уларнинг ҳуқуқлари қонун билан кафолатланганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз. Бундан ташқари, аёлларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида бу йил қизларимиз учун олий ўқув юртларига алоҳида қабул квоталари жорий этилди. 

Чунки ўқимишли, олий маълумотли аёл оилада ҳам, ишда ҳам, жамият ҳаётида ҳам ҳамма нарсага илм-маърифат билан, онгли ва фаол ёндашади, муносиб иштирок этади. Республика бўйича жорий йилнинг ўтган даврида ишга муҳтож бўлган 109 минг 717 нафар хотин-қизнинг маҳаллада рўйхатлари шакллантирилди, ушбу рўйхат асосида “Аёллар дафтари” ишлаб чиқилди. 99, 1 минг нафар хотин-қиз доимий ишга жойлаштирилди. 11,5 минг нафар хотин-қиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди.

“Республика ҳудудларида 2020 йилда оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса, ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш дастури”га асосан, жорий йилнинг ўтган даврида 5,5 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Хўш, ҳорижий давлатларга турмушга чиқишга “ҳавасманд”ларнинг ортида қандай сабаблар, қандай омиллар турибди?

Бу масалага ҳар хил нуқтаи назар билан ёндашиш мумкин. Аввало, айтиш керакки, кимга турмушга чиқиш ёки қайси давлатга бориб яшаш инсоннинг ўз ҳуқуқи ҳисобланади. Масалан, корейсга тегма, ўзбекка тег дейишга ҳам ҳаққимиз йўқ. Лекин аслини олганда, муаммонинг илдизи бошқа жойда. Ҳаммаси оилавий тарбия, ота-онанинг фарзандга бўлган муносабатига боғлиқ. Ёки болаларнинг қаровсизлиги, таълим муассасада, маҳаллада тарбияси оғир, енгил ҳаётга ўч бўлган қизларнинг эътибордан четта қолиши оқибатида мана шундай ҳолатлар юзага келаяпти, деб ўйлайман. 

Таҳлил қиладиган бўлсак, баъзи оилаларда ота-она хорижга ишлашга кетган. Қизи холасининг ёки кекса бувисининг қўлида қолган. Ёки она хорижга ишлашга кетган, отаси қиз бола тарбияси билан шуғуллана олмаган. Эр-хотин ажрашган, болалар бувисининг қўлида, онаси бошқа турмуш қурган. Мана шундай ҳолатларда қизларимиз бизнинг назаримиздан четда қолмоқда.

Хорижга турмушга чиқиб, турмуши “ўхшамаган” аёллар билан суҳбатлашганимизда, кўпчилиги моддий томондан етишмовчилик бўлгани учун хорижга турмушга чиқаётганини, у ердан пул юбориб, оиламга ёрдам қиламан, деган мақсадни кўзлаганини билдирмоқда.

Мамлакатимизда 203 та туман бор. Буларнинг ҳаммасида хотин-қизлар жамоат кенгашлари фаолияти йўлга қўйилган. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондидан ҳар йили тадбиркорлик марказларига 100 миллиард сўм ажратилади. Улар орқали тадбиркорликни бошламоқчи бўлган аёлларга кредит ажратилади. Жорий йилда шу мақсадда 92 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳар йили энг кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ногирон фарзанд тарбиялаётган ёки боқувчисини йўқотган, ёлғиз аёлларга уй-жойнинг биринчи бадали тўлаб берилади. Жорий йилда 852 нафар аёлга ҳозиргача 14 миллиард 563 минг сўм маблағ ажратилган.

–Хотин-қизларимизнинг мана шундай хатти-ҳаракатлари юрагимга оғир ботадиган нуқталардан бири, – дейди Дин ишлари бўйича қўмитанинг хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, педагогика фанлари номзоди, доцент, Фарида Абдураҳимова. – Ўйлаб кўрилса, юртимизда аёлларга, қизларга эътибор бор. Ғамхўрликнинг чек-чегараси йўқ. Бу йил аёлларни олий ўқув юртларига қабул қилиш бўйича қишлоқлардаги, узоқ чекка ҳудуддаги хотин-қизларимизга грант асосида мингга яқин жойлар ажратилиб берилди.

Лекин шунча ғамхўрликларга қарамасдан хорижий фуқароларга турмушга чиқиш ҳолатлари нимагадир кўпаймоқда. Оилашунос олима сифатида бу ҳақда жуда кўп ўйлайман, таҳлил қиламан, сабабларини излашга ҳаракат қиламан. Айрим аёллар билан суҳбатлашаман. Яқинда бир қиз билан суҳбатлашдим. Ишлаш мақсадида Араб давлатига кетиб, у ерда фоҳишахоналарда бўлган. Бир фарзанд кўрган. Ташқи ишлар вазирлигимизнинг аралашуви билан Ўзбекистонга фарзанди билан бирга қайтарилган. Фарзандининг на гувоҳномаси бор, на исми шарифи. Аёл боласининг отаси кимлигини билмайди. Энди уйимга қайтиб бора олмайман, ака-укаларим мени тирик қўймайди, дейди.

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир ўзбек аёли кореялик фуқарога турмушга чиққани ва Кория давлатида вафот этгани, Майит 10 кун сарсон бўлгани, мусулмон динига мансуб инсонлар майитни сўнгги манзилга кузатгани ҳақида лавҳа эълон қилинди.

Бу суриштирмай-нетмай хорижга турмушга чиқиб кетаётган қизларга аччиқ сабоқ бўлиши керак.

Бундан 2 йил илгари хитойлик эркакка турмушга чиққан наманганлик 22 ёшли Муборак (исми ўзгартирилган) Хитойда не азобларни кўрмади дейсиз. Бу аёлнинг суҳбатини эшитгач, балким хорижга эрга тегиш истагини билдирган қизлар, уларнинг ота-оналари ўзларига хулоса чиқариб олар деб ўйлаймиз:

– Ночор оилада яшардик. Дадам катта миқдорда пул қарз бўлиб қолди. Бор-будимизни сотдик. Дадам қамалиб чиқди. Унинг устига онамнинг соғлиғи ёмонлашди. Дўхтирлар онамни операция қилмасак бўлмайди, дейишди. Шунда дадамга қўшнимиз совчилик агентлиги борлиги, хорижга қизларни турмушга бериш эвазига яхши қалин пули берилаётганини айтади. Дадам менга қизим хитойлик бир куёв бор экан. Яхши инсон деяпти. Унга турмушга чиқсанг, бахтинг очилиб кетар. Бизга ҳар ой пул юбориб туришини айтяпти. Шунда уй-жой дегандек, оиламизни моддий томондан тиклаб олармидик, дедилар. Мен бу таклифга рози бўлдим.

Не умидлар билан турмушга чиқиб, Хитойга кўчиб келгандим. Менга совчилик агентлиги бу инсоннинг жуда бой-бадавлат эканлигини айтганди. Аммо келсам Хитойнинг бир қишлоғида яшовчи деҳқон экан. Келишим билан телефоним, ҳужжатларимни олиб қўйди. Далада ишлашга мажбурлади. У билан 4 ой яшаган бўлсам, бор хўрликларни кўрдим. Тилини билмаганим учун унинг сўзларига тушунмасдим. Кетаман, десам мени уйга қамаб қўярди. Бир амаллаб Ўзбекистонинг Хитойдаги элчихонасини топиб бордим. Уларга раҳмат, мени Ватанимга қайтарди. Ҳозир Наманганда ишлаяпман. Опа-сингилларимизга шуни айтган бўлар эдим: хорижга турмушга чиқманг. Дини, тили, менталитети бошқа одам сизни бахтли қила олмайди. Турли совчилик агентликларининг қоп-қоп ваъдаларига ишонманг!

Наманганлик Садоқат (исми ўзгартирилган) сўнгги йилларда хорижга турмушга чиққан ўнлаб ўзбекистонликнинг бири. У Наманган вилоятида бир сайёҳ хитойлик фуқаро билан танишиб қолади. Иккаласи Ўзбекистонда маълум муддат гаплашишади. Хитой тилини билмаган Садоқат телефондаги Google таржимаси орқали суҳбатлашганини айтди.

–Ўтган йилнинг сентябр ойида хитойлик бир йигит билан танишиб қолдим, – дейди наманганлик Садоқат Маликова. (исми фамилияси ўзгартирилган.) – Иккаламиз бир-биримизни кўнгил қўйдик. – У менга уйланиб, Хитойга олиб кетишини, оиламга пул юбориб туришини айтди. Ота-онам 7 ёшимда ажрашиб кетишган. Онам иккинчи гуруҳ ногирони. Онамнинг ота ҳовлисида яшаймиз. Тоғаларим ҳовлининг икки сотих жойини бизга ажратиб берган. Бир хонали уйда онам, укам, бобом билан яшардик. Тўғрисини айтсам, оиламизга моддий томондан ёрдам бўлар, деган мақсадда хитойлик фуқарога турмушга чиқишга қарор қилдим. 

Онам, қариндошларим бунга қаршилик қилишди. Аммо мен сўзимда туриб олдим. Биз турмуш қурдик. Хитойга борганимдан кейин бироз вақт ўтиб, ҳомиладор бўлиб қолдим. Келсам, ўртаҳол оила экан. Эрим ва синглиси бир корхонада ишлайди. Қайнонам, қайнотам ёши катта. Эримнинг айтишича, унинг онаси “ўзбек қизига уйлан, улар меҳнаткаш, вафодор бўлади. Буни эълонларда кўп ўқиганман” деб айтган экан. Шунинг учун менга уйланган экан. Орадан вақт ўтгач, эримнинг бошқа бир хотини борлигини билиб қолдим. Шундан муносабатларимиз бузилди. 

Мен уйга қайтишимни айтганимда ҳужжатларимни олиб қўйди. Бегона юртларда мусофир бўлиб яшаш қийин экан. Жуда ўзим ёлғизланиб қолдим. Яқинларимни соғиндим. Юрт соғинчи қийнади. Шу боисдан бир амаллаб Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасига келиб, ёрдам сўрадим. Шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга келдим. Ўғил фарзандли бўлдим. Ҳозир ўғлим 8 ойлик бўлди. Хитойга турмушга чиққанимга жуда афсусланаман!

Расмий идораларнинг маълумотига қараганда, 2006-2008 ва 2020 йилларда ўзбек қизларининг Жанубий Корея, Хитойга турмушга чиқишлари авж олган. Турмушга чиққанларнинг 90-95 фоизи ҳали ҳаётни яхши англамаган ёш қизлардир. Қизларимизга харидор куёвларнинг ёши эса 35 – 50 ёшларда…

Тўғри, қонунларимизда ҳар ким хоҳлаган кишига, хоҳлаган ерга турмушга чиқиши фуқаронинг ихтиёрий равишдаги танлови ҳисобланади. Бу борада ҳеч қандай қонуний чеклов ҳам йўқ. Бироқ ёзилмаган қонунлар бор… Миллий ғурур, ифтихор, Ватанга муҳаббат деган муқаддас туйғуларни фақат қалбдан ҳис этиш керак!

Бу тўғрида сиз нима дейсиз? 

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА