Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмликларни ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган 130 миллиард сўмнинг тақдири нима бўлди?
22:00 / 2020-02-06

Ичимлик суви таъминоти аҳоли турмуш фаровонлигини белгилайдиган муҳим омиллардан биридир.


Ичимлик суви таъминоти аҳоли турмуш фаровонлигини белгилайдиган муҳим омиллардан биридир. Шунинг учун ичимлик суви, умуман, сув танқислиги муаммоси кучайиб бораётган бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар, таъминотчи корхоналар ва бошқа мутасадди идоралар олдига қўйилган масъулият ҳам ортиб бормоқда.

Хоразм вилоятида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2019 йилда ичимлик ва оқова сув объектларини қуриш ва таъмирлаш ишларига қарийб 130 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ажратилган маблағлар ҳисобидан вилоятда 80 лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши кўзда тутилиб, лойиҳа ҳужжатларига асосан жойларда 21 сув тарқатиш иншооти ва 530 километр ичимлик суви тармоқлари қуриб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда ушбу маблағларнинг 90 фоизи ўзлаштирилиб, вилоят бўйича 70 объектда, яъни узунлиги 450 километр бўлган ичимлик сув тармоқлари ва 13 сув тарқатиш иншооти фойдаланишга топширилди.

Хоразм вилоятининг Гурлан ва Янгибозор туманларида янги сув иншоотлари ишга туширилди. Ҳар бирининг қуввати соатига 450 метр куб бўлган марказий сув тақсимлаш иншоотларининг очилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Гурлан тумани марказий сув тақсимлаш иншоотини реконструкция қилиш ва Мададкор маҳалласи ичимлик сув тармоқлари қуриш лойиҳасига 4 миллиард 200 миллион сўм ажратилди.

Лойиҳа доирасида сув тарқатиш иншоотида насос станцияси биноси қайта таъмирланиб, қуввати соатига 450 метр куб бўлган 9 дона насос ускунаси ўрнатилди. Ҳар бирининг сиғими 3000 метр куб бўлган 2 дона сув сақлаш резервуари ҳамда мавжуд трансформатор подстанцияси қайта таъмирланди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида узунлиги 4 километр бўлган магистрал ва ички тармоқлар ётқизилди. Ушбу лойиҳа амалга ошиши натижасида сув тақсимлаш иншоотининг қуввати бир кеча-кундузда 50 минг метр кубга етказилди. Гурлан, Шовот ва Амударё туманлари аҳолисининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.

– Воҳамизда экологик вазият ёмонлашганидан кейин ер ости сувларимиз ҳам ўзгариб кетди, – дейди “Мададкор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Мақсуда Матсафоева. – Йиллар давомида ер қаъридан “Босма кран” ёрдамида қаттиқ ва шўрланган сув олиб, истеъмол қилишга мажбур бўлдик. Бугун маҳалламизга тоза ичимлик суви келганидан барча хурсанд. Ушбу хайрли ишга бош бўлган ва ўз ҳиссасини қўшган инсонларнинг барчасидан миннатдормиз. Давлатимиз томонидан кўрсатилган ушбу ғамхўрлик ва обиҳаётнинг қадрига етиб, уни тежаб, мақсадли ишлатамиз.

Президентимизнинг юқорида қайд этилган тегишли қарори доирасида Янгибозор тумани Қоратепа маҳалласи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ичимлик суви тармоқлари ва сув тарқатиш иншоотини қуриш лойиҳасига 4,9 миллиард сўм ажратилди.

Бош пудратчи “Урганч қурилиш бетон” масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа доирасида сув тарқатиш иншоотида насос станцияси биноси қурилди, 4 дона насосдан иборат 2 гуруҳ ускуна ўрнатилди, ҳар бирининг сиғими 500 метр куб бўлган 2 дона сув сақлаш иншооти қурилди ҳамда янгидан трансформатор ўрнатилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида узунлиги 27 километр бўлган магистрал ва ички тармоқлар ётқизилди. Лойиҳа амалга ошиши натижасида сув тақсимлаш иншоотининг сув етказиб бериш қуввати бир кеча-кундузда 4 минг метр кубга етказилиб, 6 мингдан ортиқ аҳоли ичимлик суви билан таъминланди.

– “Оёқ Дўрман” қишлоғи Қоратепа маҳалласида 1064 хонадон истиқомат қилади, – дейди Янгибозор тумани ҳокими ўринбосари Бунёд Тўлиев. – Бугунги лойиҳанинг амалга оширилиши 950 хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини беради. Бунинг учун 25 километр сув қувурлари ётқизилди. 1000 метр куб сиғимга эга сув иншоотлари барпо этилди. Бу каби лойиҳалар жорий йилда ва кейинги йилда ҳам давом этади ва туман аҳолиси 100 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Албатта, айни дамда ҳам вилоятнинг айрим ҳудудларида ҳаётий зарурият бўлган ичимлик суви таъминотида камчилик ва муаммолар бор. Уларнинг аксарияти техник имкониятларнинг давр талабига жавоб беролмай қолганлиги, тизимда ўз вазифасини ўтаб бўлган, яъни эскирган технологиялардан фойдаланиб келинаётгани билан боғлиқ. Бироқ кейинги йилларда янги лойиҳалар доирасида замонавий технологияларнинг татбиқ этилаётгани сув таъминотидаги муаммоларга барҳам бериб, аҳоли турмуш тарзи яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Сув тақсимлаш иншоотларининг очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмонов ва Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Дилшод Азимов сўзга чиқди.