Хоразмда янги автобуслар йўналишларга қўйилди
Конституциямизнинг 27 йиллик байрами муносабати билан Ҳазорасп тумани аҳлига ўзига хос байрам туҳфаси тақдим этилди.
Конституциямизнинг 27 йиллик байрами муносабати билан Ҳазорасп тумани аҳлига ўзига хос байрам туҳфаси тақдим этилди. 20 замонавий автобус “Ҳазорасп-Хива”, “Ҳазорасп- Питнак” йуналишларига жойлаштирилиб йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлади.
Қайд этиш жоизки, Хоразм вилояти туман ва шаҳарларида аҳолининг жамоат транспортига бўлган талабини қондириш, автотранспорт воситаларида йўловчи ташиш фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида “Автотранс Хоразм” унитар корхонасига 30 та ISUZU русумли автобус сотиб олинган эди. Транспортни ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, “Ҳазорасп- Питнак” автобус қатновининг йўлга қўйилиши Ҳазорасп тумани Эркин иқтисодий зонасидаги ишлаб чиқариш корхоналари ишчи-хизматчилари учун айни муддао бўлди.
Автобуслар йўналишларга қўйилиши билан ҳар куни қўшимча равишда 5 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Қолаверса, корхонада 50 та янги иш ўрни очилди.
Ҳозирда сотиб олинган автобуслардан 10 тасини Хива шаҳри ва Ҳазорасп тумани ички йўналишларига қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари Хива ва Питнак шаҳарларида замонавий турдаги автостанциялар қурилиши режалаштирилган бўлиб, Питнак шаҳрида бу борадаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган.
Янги автостанция келаси йил Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.