Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда "даладан дастурхонга" тамойили амалда
10:43 / 2020-04-17

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабабли аҳолининг сабабсиз кўча-куйга, жамоат жойига чиқиши чекланди.


Мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабабли аҳолининг сабабсиз кўча-куйга, жамоат жойига чиқиши чекланди. Ушбу синовли даврда Хоразм вилояти прокуратураси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан “Даладан — дастурхонга” тамойили асосида деҳқон бозорларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда арзонлаштирилган кўчма савдо ярмаркалари, турғун савдо дўконларининг фаолияти йўлга қўйилган.

Хусусан, карантин даврида Хоразм вилоятининг барча чекка ҳудудларида 350 дан ортиқ кўчма савдо ярмаркалари, турғун савдо дўконлари ўз фаолиятини бошлади. Эзгу ниятлар билан марказий деҳқон бозоридан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдирилган автодўконлар Урганч тумани маҳаллаларига ҳам кириб борди. Урганч туманидаги мавжуд 58 та маҳаллаларда 197 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Туманда ташкил этилган ярмарка расталарини тўлдириб турган гўшт, картошка, пиёз, тухум, ёғ, помидор, бодринг каби бирламчи истеъмолпоб маҳсулотлар арзонлаштирилган нархларда етказиб берилди. Хоразм вилоят прокуратураси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси, унинг ҳудудий бўлимлари ҳамда туман ҳокимлиги томонидан кўчма савдо ярмаркаларида барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг таъминоти ва захирасига, уларнинг сифати ва нархлар барқарорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кўчма бозорларда 27 турдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга аҳоли томорқаси учун зарур бўлган уруғлик кўчатлари, минерал ўғитлар ва хўжалик молларининг бир жойнинг ўзида сотилиши харидорлар учун янада қулайлик яратмоқда.

photo_2020-04-17_10-46-51.jpg

Айни кунда Хоразм вилоятида 519 та маҳаллаларда 1 миллион 866 минг 729 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Вилоятда жами 10 та деҳқон бозори, 20 дан ортиқ йирик савдо шохобчалари ва супермаркетларда аҳоли учун зарур озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилмоқда. Бугунги кунда вилоят кесимида жами 350дан ортиқ кўчма савдо ярмаркалари ва турғун савдо дўконлари ташкил этилган. Уларга 132 та иссиқхона, 247 та совутгич ва 38 та омборхоналарда мавжуд озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўғридан-тўғри етказиб берилмоқда.

Урганч туманининг Қоромон қишлоғи вилоят марказидан узоқ масофада жойлашган. Бу ерда 4 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. “Қоромон” маҳалла фуқаролар йиғинда ташкил этилган кўчма савдо бозорчада аҳоли карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, оралиқ масофани сақлаб, кундалик эҳтиёжи учун зарур маҳсулотлар, дори-дармон, тиббий воситаларни харид қилишмоқда.

Ҳозирги кунлар аҳолимизда керагидан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Лекин ундай ўринсиз ҳолат ортиқча ваҳимани уйғотади. Сабаби, карантин вақтида аҳолини зарур озиқ-овқат ва қишлоқ-хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш ишлари узлуксиз йўлга қўйилган. Хусусан, Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан йўл хариталари ишлаб чиқилиб, ишчи 20 та ишчи гуруҳ шакллантирилган. Ҳар бир кўчма бозорларга кундалик маҳсулотларни етказишда 50 га яқин таъминотчи корхоналар фаолият юритмоқда. Шу ўринда аҳолимиздан, ортиқча ваҳима қилмасдан, эҳтиёжи асосида харид қилишни ва зарурат бўлмаса уйда қолишлари ўринли.

photo_2020-04-17_10-46-53.jpg

Янгибозор туманининг “Манғитлар” маҳалласида аҳолими асосан деҳқончилик билан шуғулланадилар. Ушу маҳаллада ташкил этилган турғун савдо дўконида маҳалла аҳолиси учун ҳам алоҳида расталар ажратилди. Эндиликда маҳалла томорқаларида, иссиқхоналарда етиштирилган уруғлик кўчатлари ва полиз экинларининг сотуви орқали аҳолининг оилавий даромади янада яхшиланади. Ушбу турғун савдо дўконига ҳар куни махсус автомашиналар орқали картошка, пиёз, гуруч, ёғ, ун каби 25 турдан ортиқ бирламчи истеъмолбоп маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Маҳаллада жойлашган кичкина дўконча олдида ташкил этилган ушбу савдо шохобчаси қишлоқ аҳлини узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда.

Вилоятда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш юзасидан соҳа ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар давомида деҳқон бозорларида 125 нафар, озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи йирик савдо комплексларида 200 нафар шунингдек 739 нафар дорихона раҳбарлари расман огоҳлантирилган. Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра 15 та ҳолатда озиқ-овқат ва қишлоқ-хўжалиги маҳсулотлари нархини асоссиз ошириш ҳолатлари юзасидан сотувчи ва тадбиркорлар билан тушунтириш ишлари олиб борилган.

Бутун дунёда, хусусан юртимиздаги синовли кунлар барчамиздан бирдамлик ва ҳамжиҳатликни талаб этади. Айниқса, деҳқон бозорларида маҳсулотларнинг узлуксизлиги таъминлаш, нархларнинг ошиб кетишини олдини олиш ҳамда жойларда кўчма савдо ярмаркаларини ташкил этиш борасида амалий ишлар қизғин давом этмоқда. Бу юзадан прокуратура ва Департамент органлари томонидан алоҳида йўл хариталари ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинган.

Ғайратжон СУЛТОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги
ИЖҚК Департаментининг Хоразм вилояти
бошқармаси бошлиғи,
адлия кичик маслаҳатчиси