Хоразм вилояти ҳокими хорижлик талабалар билан учрашди
Вилоят ҳокими Ф.Эрманов туркманистонлик талабалар учун зарур адабиётларни туркман тилида тайёрлаш ғоясини илгари сурди.
Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов Урганч давлат университети, Тошкент тиббиёт академияси ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалларида таълим олаётган хорижлик талабалар билан учрашди. Талабаларнинг таклиф ва истакларини тинглаб, улар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
– Университетда сифатли таълим олишимиз учун барча шароит яратилган бўлиб, айни вақтда online (масофавий) дарсларда фаол қатнашяпмиз, — дейди туркманистонлик УрДУ II-босқич талабаси Мари Худойберганова. – Оиламиз билан интернет орқали гаплашиш имкони ҳам мавжуд. Зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам етарли. Навбатчи тиббиёт ходимлари саломатлигимиздан бохабар. Шундай кенг имкониятларни яратиб берган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Вилоят ҳокими Ф.Эрманов туркманистонлик талабалар учун зарур адабиётларни туркман тилида тайёрлаш ғоясини илгари сурди. Шунингдек, талабаларга карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда кутубхоналардан самарали фойдаланиш, онлайн дарсларда фаол иштирок этиш бўйича ўзининг тавсияларини берди.
–Биз бағрикенг, меҳмондўст юртда таълим олаётганимиздан жуда мамнунмиз, — дейди Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали талабаси ҳиндистонлик Прагия Шри. Карантин бўлишига қарамасдан биз учун барча қулайликларни яратиб беришаётганидан хурсандмиз.
