Хизмат бурчига содиқлик қораланиши эмас, тақдирланиши лозим...
“Сардоба” сув омборидаги ўпирилиш натижасида юзага келган сув тошқини жуда катта талофатлар етказди.
“Сардоба” сув омборидаги ўпирилиш натижасида юзага келган сув тошқини жуда катта талофатлар етказди.
Вилоят ҳудудида талофат кўрган жойларда тегишли давлат органлари халқ билан елкама елка турган ҳолда талофат оқибатларини бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. Фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, Миллий гвардия ва бошқа давлат идора, ташкилот ва корхоналари қаторида Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари хизматчилари ҳам ўзларининг фидоийликларини намоён этаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Оқолтин тумани Чилангарчилар маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган чегара қўриқлаш взводи хизматчилари бир неча кун давомида марказ билан йўл алоқаси узилиши ва чегара олди ҳудудларида сув тошқини келишига қарамай, ўзларининг хизмат вазифаларини, белгиланган ҳудудни тарк этмаган ҳолда ситқидилдан бажаришган. Улар жойлашган ҳудуд сув тошқинидан ҳоли бўлмаган ҳудуд бўлсада, взвод шахсий таркиби охирги паллаларга қадар халқ билан бирга бўлишни афзал кўрди. Чегара олди ҳудудларида қолиб кетган маҳаллий аҳолига яқиндан ёрдам берди.
Айни чоғда, тошқиндан талофат кўрган аҳоли пунктларида, тозалаш, тиклаш, таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Жумладан, Оқолтин туманидаги сув тошқинидан зарар кўрган Чилангарчилар маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам таъмирлаш, тиклаш қурилиш, электр, газ, коммуникация ва бошқа соҳа мутахассисларидан ташкил топган бригадалар меҳнат қилишаётир. Чилангарчилар маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган чегара қўриқлаш взводи аскар, сержант ва офицерлари ҳозирги вақтда ҳам ҳудуднинг ноқулайлиги ва сув талофатининг оқибатлари ҳали тўлиқ бартараф этилмаган бўлсада, ўз хизмат вазифаларини аъло даражада бажармоқда. Мана ҳарбийларимизнинг ўз хизмат бурчига, касб-корига, оиласи, Ватани, халқи ва Президентига садоқат намунаси қандай бўлмоғи лозим?
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг инглиз тили филологияси факултетини тамомлаганим учун хориж ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон ҳақида ёзилаётган мақолаларни ўқиб тураман. Хориждагиларнинг барчаси ҳам биз ҳақимизда тўғри, ҳалол ёндашиб ҳақиқатни ёзаяпти деб ўйламайман.
Кўрмаган, билмаганларим ҳақида ёзишса, тўғриси, эҳтимол ростдан ҳам шундайдир, деган хаёлга бордим. Лекин ўз кўзимиз билан кўриб, ўзимиз гувоҳи бўлиб турган жараён, воқелик ҳақида шу қадар бўҳтон ёзишларини хаёлимга ҳам келтира олмас эдим.
Мен оддий бир она, Гулистон шаҳар Кенгашининг депутати ва қолаверса оддий ўзбек аёли сифатида, бу ҳолат, ўша чет эл оммавий ахборот воситалари, турли хорижий ижтимоий тармоқларда ёзилаётганидек инсон ҳуқуқларини паймол қилиниши эмас. Йўқ, жаноблар, сизлар буни мутлақо англамасликларингиз, билмасликларингиз ва ҳатто ҳис қилмасликларингиз мумкин. Бунинг учун мен сизларни қораламайман ҳам. Чунки сизларда миллий ғурур тушунчаси аллақачонлар ўз қимматини йўқотиб бўлган.
Бу ҳарбий йигитлар кимларнинг авлоди эканини биласизми? Жалолиддин Мангуберди, Широқ, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек буюк зотларни эшитмаганингизга ишонмайман. Чунки жаҳон тарихидан уларни ҳеч ким ва ҳеч қачон ўчира олмайди. Бу йигитлар ана шу тарихда ўчмас из қолдирган буюкларнинг авлодларидир.
Бу авлод эса ҳали сув тошқини экан, оташ тошқини келган тақдирда ҳам миллати, халқи, Ватани учун керак бўлса жонини тикса-тикади, лекин унга бириктирилган постни асло тарк этмайди. Чунки у ғурури тоғданда баланд, ори уммонданда улуғ Ўзбекистон аскари, ўзбек йигитидир. Буни англаб олишингиз учун аввало миллатингиз, динингиз, ватанингиз, ўз виждонингизга содиқликни ҳис қила билишингиз лозим. Бунинг учун эса ўзбекка, ҳеч бўлмаса ўзбекистонликларга ўхшаб фикрлашингиз керак бўлади. Афсуски сизларда на униси ва на буниси бор?
Бу йигитларни, сизга ўхшаб қоралаш эмас, балки, ўз бурчига, виждонига, халқи, Президентига ва албатта Ватанига содиқлиги ва муқаддас чегараларимиз дахлсизлигини сақлашдек буюк бурчи, вазифасини, тошқин келсада, постида бир қадам ҳам жилмай бажарганликлари учун бутун таркибни давлат мукофотлари билан тақдирланиш лозим, деб ўйлайман.
Дилобар КАТТАБЕКОВА,
Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик
партияси Гулистон шаҳар Кенгаши депутати