Хитойдан Қўқонга қайтган талаба вафот этди, унда коронавирус билан боғлиқлик аломатлари аниқланмади
Қўқон шаҳридаги Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига келтирилган фуқаро ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабар юзасидан Қўқон Бош Давлат санитария врачининг расмий баёноти.
Қўқон шаҳридаги Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига келтирилган фуқаро ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабар юзасидан Қўқон Бош Давлат санитария врачининг расмий баёноти
2020 йил 5 февраль куни Ўзбекистон тумани Ҳаётобод қишлоғида яшовчи, 2000 йилда туғилган Абдуқодиров Муҳаммадбобур Мунаввар ўғли ўзи истиқомат қиладиган уй ҳаммомига ювиниш учун кириб кетиб, бир неча соат давомида қайтиб чиқмаган. Шундан сўнг унинг яқинлари ҳаммом эшигини бузиб киришганида йигит жонсиз ҳолатда ётганлиги маълум бўлган.
Гарчи фуқаро ҳаммомдаёқ ҳаётдан кўз юмган бўлса-да, яқинлари Қўқон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб боришган. Қабул диагностика бўлимида реаниматологлар томонидан жасад зудлик билан кўрилганда, биологик ўлим аллақачон содир бўлганлиги тасдиқланган.
Бу ҳақида дарҳол ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берилган ва мурда суд тиббий экспертизадан ўтказиш учун Қўқон шаҳар суд тиббий экспертизасига юборилган.
Мурда дастлабки суд тиббий текширувидан ўтказилганида унда ис газидан заҳарланишга хос бўлган махсус специфик белгилар аниқланган.
Маълум бўлишича, Муҳаммадбобур Абдуқодиров тил ўрганиш мақсадида 2019 йил 15 ноябрда Хитой давлатига борган бўлиб, 31 январь куни Корея давлати орқали Ўзбекистонга қайтиб келган.
У юртимизга қайтиб келган куниёқ Ўзбекистон туманидаги 71-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган ва икки ҳафталик назоратга олинган бўлиб, унда ҳеч қандай касаллик аломатлари аниқланмаган. Буни Муҳаммадбобур Абдуқодировнинг амбулатор картасидаги маълумотлар ҳамда яқинлари билан ўтказилган суҳбат ҳам тасдиқлади.
М.Абдуқодировнинг Хитой давлатидан келганлиги сабабли эпидемиологик кўрсатмага асосан олинган намуналар Фарғона вилояти СЭОМ вирусология лабораториясида текширилиб, унда грипп, коронавирус “2019-nCov” ва бошқа вирус турлари топилмади.
Фуқаронинг ўлими дастлабки суд тиббий экспертиза хулосаларига кўра ис газидан заҳарланиш оқибати бўлиб, уни айни пайтда Хитой давлатида тарқалган коронавирус хасталиги билан ҳеч қандай боғлиқлик аломатлари аниқланмади.
Хитой давлатидан кириб келган шаҳримиз фуқаролари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, тана ҳарорати кўтарилган, шамоллаш аломатлари бор ва бошқа юқумли касаллик белгилари мавжуд бўлган фуқаролар аниқланмади. Улар профилактик мақсадда 14 кунга тиббий кузатувга олинган.