Хитойда ўзбeкистонлик талабалар билан учрашув
Мамлакатимизда 30 июнь – Ўзбекистон ёшлари куни сифатида кенг нишонланади.
Мамлакатимизда 30 июнь – Ўзбекистон ёшлари куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу кун муносабати билан Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси томонидан Ланчжоу шаҳрида ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ташкил этилди.
Унда Ганьсу провинциясининг турли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик йигит-қизлар иштирок этди.
Мазкур провинция ҳудудида ўнга яқин университет фаолият юритади, уларда қатор хорижий давлатлар ёшлари қатори Ўзбекистондан келган кўплаб талабалар ҳам таҳсил олмоқда.
Тадбир қатнашчиларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолияти, Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Eл-юрт умиди" жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони ва 2018 йил 25 октябрдаги "Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Хусусан, чет элларда яшаётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва таълим олаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокни рағбатлантириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда Ланчжоу университети хитойшунослик факультети талабаси Достонбек Мамасолиев Ганьсу провинцияси олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба ёшлар сардори этиб сайланди.
Тадбир доирасида мамлакатимиз ёшлари “Ўзбекистон ёшлари – порлоқ келажак эгалари” шиори остида флешмоб уюштирди.
“Дунё” – ЎзА, Ланчжоу-Пекин