Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қайси китоблар ва фильмларда Хитой - АҚШ воқеалари олдиндан акс эттирилган ва таҳлил этилган?
09:05 / 2020-01-25

Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ўта мураккаб тарихий жараёнларнинг натижасидир. Айнан шунинг учун ҳам биз буни тушуниш учун комплекс ёндашувга муҳтожмиз.​


Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар аслида ўта мураккаб тарихий жараёнларнинг натижасидир. Айнан шунинг учун ҳам дунё ҳамжамияти буни тушуниш учун комплекс ёндашувга муҳтож.​

Пекин ва Вашингтон ўртасидаги ҳозирги чигал вазиятни тўлиқ тушуниш ва бу муносабатларнинг истиқболларини ўрганиш учун бир қанча асарлар ва ҳужжатли фильмлар ҳам асқатади. Улар анча мураккаб бўлган ушбу масалаларни тушунишингизда ёрдам беради.
Муносабатлар ҳозирги пайтда иккита асосий тенденция билан ажралиб туради. Улардан бири, бугунги кун билан боғлиқ бўлган тижорат уруши. 

Иккинчиси янада нозик масала, бу – АҚШ истеблишментининг сўнгги можаролар фонида телеологик-идеалистик қарашлардан келиб чиққан Хитойни англай олиши.

Тижорат уруши ҳам, Хитойни идрок этишнинг ҳозирги усули ҳам осмондан тушиб қолгани йўқ. Уларнинг орқасида тарихий ва интеллектуал контекст мавжуд. Шунингдек, ҳозирги вазиятни шакллантиришга ҳисса қўшган жамият, таълим, иқтисодиёт каби кўплаб жиҳатлар бор.

Қуйида икки томонлама муносабатларга бағишланган энг муҳим китоблар ва ҳужжатли фильмларнинг рўйхати келтирамиз:

“Қизиқарли даврлар” (Interesting Times: China, America, and the Shifting Balance of Prestige) ​
китоби, ​​(2013)​ Чарльз Фримен 

5de4b6fbae5ac97aee308785.jpg
Фримен, эҳтимол Хитой ҳақида энг кўп биладиган америкаликдир. У кўп давлатларда дипломатик фаолият олиб борган, Чарльзнинг биринчи дипломатик йўли Тайвандан бошланган. 

Фримен бу ерда тил ўрганган ва кейинчалик президент Никсоннинг 1972 йилда Хитойга ташрифининг таржимони этиб тайинланган. Кейинчалик элчихонага айланган Қўшма штатларнинг Хитойдаги ваколатхонасини очиш учун ҳам Фримен масъул бўлган эди. Ушбу ваколатхонанинг очилиши иккала мамлакатнинг ўзаро дипломатик муносабатларни қайта тиклашига ҳамда Вашингтоннинг Тайван билан муносабатларида ҳал қилувчи роль ўйнади. 

“Қизиқарли даврлар“ китобида Фримен ўзининг билимдонлиги ва нозик дипломатик таҳлилини намойиш этади, бу орқали эса Хитойга нисбатан реал ва айни пайтда эмпатик позициясини намойиш қилади. 

Шу билан бирга, ушбу китоб Хитой тараққиёти модели таҳлилини ҳам ўз ичига олган. АҚШ-Тайван-Хитой муносабатлари асосида пайдо бўлган муаммоли учбурчакнинг таҳлили, АҚШнинг ушбу ҳудуддаги стратегияси билан боғлиқ масалалар ҳамда икки давлат ўртасидаги дипломатик ва ҳарбий алоқаларни қандай мустаҳкамлаш мумкинлиги ҳақида сўз юритади.

“Буюк қудратлар сиёсатининг фожиаси” (The Tragedy of Great Power Politics)​ 
китоби, ​(2014)​ Жон Миршаймер 

“Ҳужумкор реализм” мактабининг ушбу буюк асари Америка интеллигенциясида пайдо бўлган пессимистик қарашларни тушуниш учун ажойиб калитдир. 

Миршеймер турли хил тарихий даврларда Хитойнинг минтақавий куч сифатида кўтарилиши, тинч йўл билан содир бўлмайди, деб таъкидлайди. Бу йўлда Хитой, Осиёда ҳали ҳам кучли мавқега эга бўлган АҚШ билан ҳамда Хитойдан ҳимояланиш учун Вашингтонга яқинлашишга интилувчи, ўзининг Осиёдаги бир нечта шубҳали қўшнилари билан тўқнашади. 

Миршаймер Осиё гиганти ҳам америкаликлар ХIХ асрда илгари сурган “Монро доктринаси”га ўхшаш стратегияни қўлламоқдалар, деб ҳисоблайди, яъни худди АҚШ Америка минтақасидан баъзи Европа давлатларини сиқиб чиқаргани каби Пекин ҳам осиёлик бўлмаган кучларни бу ҳудуддан ҳайдашга ҳаракат қилмоқда.

“Урушга маҳкумлар” (Destined for War: Can America and China Escape Thucydidesʼs Trap?)​ 
китоби,  (2017) Грэм Аллисон

Ушбу китобда баён этилган воқеаларнинг ҳозир юз бераётгани Грэм Аллисоннинг ушбу асарига баҳо бериш учун асос бўлиши мумкин. Унда Аллисон бир нечта тарихий воқеаларни очиб беради. Афина ва Спарта мисолида гегемон ҳукмронликни шубҳа остига олувчи кучнинг пайдо бўлиши кўпинча ҳарбий тўқнашувларга олиб келишини таъкидлайди. Ҳозирги ҳолатда ҳукмрон Қўшма штатлар бўлса, унинг кучига шубҳаланиб ривожланаётган куч — Хитой. 

Аллисон детерминистик нуқтаи назарни таклиф қилмаса ҳам унинг огоҳлантиришлари ушбу “Фукидид тузоғи”дан қандай қутулиш ҳақида интеллектуал мунозараларни келтириб чиқарди. 

Бу нафақат Американинг илмий марказлари ёки университетларида юз берди, балки Осиё гигантига ҳам тааллуқли бўлди.

“Дарё бўйидаги шаҳар” (River Town: Two Years on the Yangtze)​ 
китоби, (2001)​ ​Питер Хесслер 

Бизга Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар фақат “юқоридагиларнинг” қўлида бўлиб кўринса-да, аслида бу жараёнда оддий шахслар ва уларнинг жамиятлари ҳам муҳим роль ўйнайди. 

АҚШдан Хитойга ёки Хитойдан АҚШга кўчиб ўтаётган ҳар икки давлат фуқаролари мамлакатларни узвий боғловчи асосий кўприклардир. Масалан, ҳозир АҚШнинг келиб чиқиши хитойлик бўлган 5 миллиондан зиёд фуқаролари бор. Хитойдаги америкаликларнинг сони аниқ бўлмаса-да, аммо 90 йиллардан бери бу тенденция ўсиб бормоқда. 

Шу маънода, “The New Yorker” журналисти Питер Хесслернинг китоблари бу жараённинг энг яхши намунасидир. Ушбу китоб бизга америкалик профессорнинг (Хесслер) Хитойнинг қишлоқ жойларидаги талабалар билан ўзаро муносабатлари қандай кечишини кўришимизга имкон беради. Бу икки давлат вакилларининг ўртасидаги маданий фарқлар ва инсоний ўхшашликлар нимада, деган саволларга тўлиқ жавоб беради.

usa-china.jpg

“Буюк давлатларнинг ўсиши ва етакчилиги” (Leadership and the Rise of Great Powers)​ 
китоби, ​(2019) ​Ян Сюэтун 

Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги китоблар кўпинча ғарбликлар томонидан ёзилган бўлса ҳам, Хитойда ҳам бу алоқаларни батафсил ўрганган академик ҳаракат мавжуд. 

Албатта, бу алоқаларни ёритишда улар ҳам ўзларининг маҳаллий анъаналарига асосланган “қалам”дан фойдаланишади. Шундай муаллифлардан бири Ян Сюэтун. Унинг китоби ҳам юқорида тилга олинган Миршаймер ва Аллисон каби бу икки давлатларнинг ривожланиши каби мавзуларга бағишланган, аммо у ўзига хос халқаро муносабатларга оид Хитой анъаналари ва академик адабиётларига асосланган. 

Яннинг ушбу китобини ўзбек тили тугул, рус тилида ҳам топа олмайсиз. Аммо унинг инглиз тилига таржима қилинганлиги қувонтиради, чунки кўплаб хитойлик академикларнинг асарлари тил тўсиқлари туфайли бизгача етиб келмайди, бу эса хитойликларнинг бугунги дунёга қандай қарашини тушунишимизни чеклайди.

“Гўзал мамлакат ва Ўрта Қироллик” (The Beautiful Country and the Middle Kingdom: America and China, 1776 to the Present)​ 
китоби, ​(2016) ​Жон Помфре 

Помфренинг ушбу китоби, Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар 70 йилларда, Никсон ва Мао учрашуви пайтида ёки ХХ аср бошларида эмас, балки 18-асрдан бошланганлигини эслатади. 

Бу асар ушбу муносабатларни энг бошидан, илк бора Хитойга келган Америка христиан миссионерлари ёки АҚШга илк қадамини қўйган хитойлик муҳожирлардан бошлаб, ҳозирги кунгача бўлган турли хил воқеаларни таклиф қилади (Боксчилар уруши, Хитой-Япон уруши, Маоизм). 

Бу китоб орқали икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар деярли ўзгармаслигини, аммо тарих давомида шаклланиб боришини кўрсатадиган тарихий саёҳатга чиқасиз.

“Хитой хақида“ ("On China") 
китоби, (2011)​ ​Генри Киссинжер​

Киссинжернинг ушбу каноник асари бир томондан Хитой тарихини муаллифнинг илк нуқтаи назари бўйича шарҳласа, бошқа томондан икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқаларни очиб берган.

Киссинжернинг, Хитойга сафарлари чоғида содир бўлган қизиқарли тажрибалари билан ўртоқлашади. Шуни алоҳида таъкидлаш керак-ки, Киссинжер ўз асарининг сўнги қисмида иқтисодий ўзаро боғлиқлик Пекин ва Вашингтон ўртасидаги зиддиятнинг олдини оладиган тармоқ бўлиши кераклиги ҳақида огоҳлантирган. 

Ҳозирги тижорат уруши эса ушбу тармоқни тобора заифлаштириб бормоқда. Дарвоқе, Киссинжер яқинда икки мамлакат ўртасидаги масофанинг йироқлашиб бораётганини танқид қилди, хавфли бўлган ўзаро ишончсизлик ва душманлик — можаролар эҳтимолини оширишини таъкидлади.

“Америка фабрикаси” ("American Factory") 
ҳужжатли фильми, ​(2019)​ Стивен Богнар ва Жулия Райхерт 

Снимок.JPG
Ушбу ҳужжатли фильм Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни тушуниш учун иккита асосий йўналишга эга: иқтисодиёт ва маданият. Бир томондан бу бизга Хитойнинг АҚШ иқтисодиётига кириб келишини кўрсатади, гарчи ҳозирги савдо уруши туфайли миқдор тушиб кетган бўлса-да, 2016 йилда АҚШ иқтисодига катта ҳажмдаги (46 миллиард доллар) Хитой сармояси кириб келган эди. 

Американинг энг муҳим ишлаб чиқариш марказларидан бири бўлган Огайода Хитой фабрикалари очилди. Ушбу ҳужжатли фильм АҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий муносабатларда ишлаб чиқариш соҳалари ўйнаган рольни очиб беради. 

Инқироз пайтида ишидан айрилган америкалик ишчилар ва хитойлик ишбилармонлар ўртасида юзага келган қатор маданий тўқнашувлар ёритилади. Бу Хитойнинг иш ва ишчиларга муносабати бўйича одатий тасаввурлардан қочишга муваффақ бўлган ажойиб ҳужжатли фильмдир. 

Бундан ташқари, фильмда профессионал сектор учун Пекинда ҳам, Вашингтонда ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайдиган муаммо — роботлаштириш ҳақида ҳам сўз юритилади.

“Энг яхши фаришталар” (Better Angels)​ 
ҳужжатли фильми, (2018) ​​Малкольм Кларк 

Ушбу ҳужжатли фильм икки давлат ўртасидаги тижорий ва технологик уруш туфайли юз берган кескинлик давридаги позитив алоқалар ва ҳамкорликни топишга қаратилган. 

Ушбу ижобий алоқалар иккала мамлакатда пайдо бўлган тижорий ҳамкорлик ва бойликлар, кўпайган таълим ва илмий алмашинувлар, барқарор дипломатик муносабатлар ўрнатиш, иқлим ўзгариши ортидан келган глобал муаммоларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш каби заруриятлар орқали акс эттирилган. 

Фильмда Генри Киссинжер ва Мадлен Олбрайт сингари шахслар билан бўлган интервьюлар ҳам ўрин олган.

Нурбек АЛИМОВ, 
халқаро муносабатлар бўйича эксперт