Хитой компанияси Ўзбекистонда йўлларни ёритувчи ускуналар ишлаб чиқариш ниятида
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигида Хитойнинг «Tulufan Xindian Ganta» компанияси бош директори ўринбосари Ли Кици билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигида Хитойнинг «Tulufan Xindian Ganta» компанияси бош директори ўринбосари Ли Кици билан учрашув бўлиб ўтди.
«Tulufan Xindian Ganta» компанияси цемент ишлаб чиқариш, шунингдек, автомобиль йўлларини жиҳозлаш ва қайта қуриш билан боғлиқ инфратузилмани ривожлантириш йўналишида фаолият олиб боради.
Учрашувда Ли Кици Ўзбекистон трассаларини ёритиш ва шу мақсадларга замонавий технологияларни жорий этиш бўйича бугунги кундаги аҳволни янада яхшилашга эҳтиёж борлигини таъкидлади. Ўзбекистон магистрал йўллари учун ёритиш ускуналари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишдан корхонанинг ўзи ҳам манфаатдор. Айни мақсадлар учун компания қарийб 7 миллион доллар маблағ ажратишга тайёр.
Музокара чоғида томонлар ушбу инвестициявий лойиҳани муҳокама қилди. Мулоқот якунида йўлларни ёритувчи ускуналар ишлаб чиқаришни бошлаш учун Хоразм вилоятидаги "Ҳазорасп" эркин иқтисодий зонаси танланди. Ҳозир ЭИЗ ҳудудида кўплаб маҳсулот турлари, жумладан, қурилиш материаллари ҳам тайёрлаш кўзда тутилмоқда.
Ҳамкорларга мамлакатимизда хорижий сармоядорларга яратилган қулайликлар ва имтиёзлар ҳамда ЭИЗ ҳудудида бизнес лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ ўзига хосликлар тўғрисида маълуот берилди.
Ли Кици «Tulufan Xindian Ganta» компанияси раҳбари шу йил март ойида лойиҳани амалга ошириш масаласини ҳал этиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюришини маълум қилди. Ушбу ташриф пайти Хоразм вилояти ҳокимлиги ва «Tulufan Xindian Ganta» компанияси ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумини имзолаш кўзда тутилган.