Хитой Эверест баландлигини қайтадан ўлчамоқчи
Хитойлик олимлар дунёнинг энг юқори нуқтаси – Эверест тоғи ўлчамларини аниқ ҳисоб-китоблар асосида қайтадан белгилашни мақсад қилишган. Тадқиқот давомида, шунингдек ушбу ҳудуддаги табиий бойликлар ҳақида ҳам янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш кўзланяпти.
Хитойлик олимлар дунёнинг энг юқори нуқтаси – Эверест тоғи ўлчамларини аниқ ҳисоб-китоблар асосида қайтадан белгилашни мақсад қилишган. Тадқиқот давомида, шунингдек ушбу ҳудуддаги табиий бойликлар ҳақида ҳам янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш кўзланяпти.
Маълумки, сайёрамиздаги энг баланд тоғ ҳисобланган Эверестнинг энг юқори нуқтаси - Жомолунгма чўққисигача денгиз сатҳидан 8 848 метр. Шу ой давомида Чин юрти мутахассислари “Beidou” Миллий навигация тизими ёрдамида дунё томи баландлигини яна бир бор ўлчаб чиқишади.
Мазкур тизим уч авлодга мансуб - BDS-1, BDS-2 ва BDS-3 йўлдошларидан иборат бўлиб, кўрсаткичларни ўта аниқликда ифодалайди. Хитойлик олимлар томонидан яратилган ушбу ўзига хос персонал ўлчов тизимидан 2000 йилдан буён фойдаланиб келинади.
Қудратли Ҳимолай тизмаси таркибига кирувчи Эверест тоғи Хитой ва Непал чегаралари узра ястаниб ётади. Жомолунгма эса шу ҳудудларда яшовчи халқлар ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида эътироф этилади.
Хитой олимларининг алоҳида мақсад билан чўққига кўтарилишни ният қилган бу галги делегацияси 50 нафар мутахассисдан тузилган.
Улар сафар давомида аэрофазовий технологиялар ёрдамида ҳудуддаги табиий бойликлар ҳақидаги тўлиқ ва аниқ маълумотлар тўплашади. Бу борадаги дастлабки натижалар келаси йил охирига бориб маълум бўлади.
Сўнгги пайтларда альпинистлар орасида ҳалокатга учраш ҳолатлари сезиларли равишда кўпайганлиги сабали, бу сафар сайёҳларга қўйиладиган талаблар кескин кучайтирилган.