Хитой Буюк Британияни халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузишда айблади
Буюк Британиядаги Хитой элчихонаси Бирлашган Қиролликнинг Гонконгга экстрадиция қилишни номаълум муддатга тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги қарорини қоралаб чиқди.
Буюк Британиядаги Хитой элчихонаси Бирлашган Қиролликнинг Гонконгга экстрадиция қилишни номаълум муддатга тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги қарорини қоралаб чиқди. Элчихона матбуот котиби баёнотида бу амалиёт халқаро ҳуқуқ қоидалари ва меъёрларини бузиш, дея тавсифланган.
Аввалроқ Бирлашган Қироллик Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Доминик Рааб экстрадиция масалалари бўйича масъул бўлган ички ишлар вазири, шунингдек адлия вазири ва ҳукумат бош прокурори билан маслаҳатлашгандан сўнг экстрадиция тўғрисидаги битимнинг амал қилишини зудлик билан ва номаълум муддатга тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. Раабнинг таъкидлашича, ҳукумат «Британиядан экстрадиция қилинган фуқароларга нисбатан миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонундан фойдаланиб суистеъмолчилик ҳолатларига йўл қўйилмаслиги бўйича аниқ ва мустаҳкам кафолатлар тақдим этилмагунга қадар» мазкур келишувларни амалга киритиш ниятида эмас.
«Британия томони Хитойнинг расмий позициясини писанд этмасдан, нотўғри йўлдан юришда давом этяпти... Улар яна бир бор халқаро муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқ ҳамда асосий меъёрларни бузишди. Бу Гонконгда миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, шаҳарнинг фаровонлиги ва барқарорлигига путур етказишга уриниб, Хитойнинг ички ишларига очиқчасига аралашишдир. Хитой томони айни ҳаракатни қатъий қоралайди ва ҳолатга нисбатан кескин қаршилик кўрсатади», - дейилган, жумладан, матбуот котиби баёнотида.
Ҳужжатда Хитой ҳукумати «Гонконг учун миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунни амалга киритиш, миллий суверенитетни, хавфсизлик ва ривожланиш манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ташқи аралашувларга қарши туриш қарорини ўзгартирмай, собит қолади» дея таъкидланган.
«Хитой мамлакатнинг ички ишларига аралашиш билан боғлиқ ҳар қандай қадамга кескин қарши туради... Хитой Британия томонини зудлик билан Хитойнинг ички иши ҳисобланган Гонконг масаласига ҳар қандай кўринишда аралашишни бас қилишга чақиради. Буюк Британия нотўғри йўлдан юришда давом этаверса, айни қарордан қайтмаса, бунинг оқибатига дуч келади», - қўшимча қилинган элчихона хабарида.
Хитой парламенти томонидан маъқулланган Гонконг миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонун жорий йил 30 июнь куни кучга кирган. Қонунда Гонконг ҳудудида 4 турдаги жиноятлар – жумладан, сепаратистлик фаолияти, давлат ҳокимиятини ағдаришга уриниш, террорчилик фаолияти, миллий хавфсизликни хатар остига қўйиш мақсадида хорижий давлатлар ёки чет эллардаги ташқи кучлар билан келишув тузишнинг олдини олиш, йўлини тўсиш ва жазоланишини таъминлаш қоидалари акс этган. Мазкур қонун Гонконгдаги ҳукуматга қарши кучлар ҳамда қатор ғарб мулозимларида норозилик уйғотди. Улар бу ҳаракатни автономия устидан назоратни кучайтириш хоҳиши билан боғлашмоқда. Пекин ҳам ўз навбатида Гонконг Хитойнинг ички иши эканлигини эслатишдан чарчамаяпти.
Гонконг 1997 йил қайтадан Буюк Британиядан Хитой ихтиёрига ўтган ва шундан буён кенг автономия ҳуқуқларидан фойдаланади. Хитой марказий ҳукумати мазкур ҳудудни бошқаришда «бир мамлакат, икки тизим» тамойилига амал қилиб келмоқда. Буюк Британия ва Хитой ўртасидаги қўшма декларацияга мувофиқ, Гонконг кенг автономия мавқейини 2047 йилгача сақлаб қолади. Ушбу муддат якунига етгач, Британиянинг собиқ мустамлакаси қай тарзда бошқарилиши эса ҳозирча номаълум.