Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
КХДР етакчиси янги дронларни синовдан ўтказди
14:44 / 2025-09-19

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўз мамлакатининг тобора такомиллашиб бораётган қурол-яроғ технологиясини модернизация қилиш ва дронлар имкониятларини оширишда сунъий интеллектдан фойдаланиш “биринчи устувор вазифа” эканини таъкидлади, дея хабар бермоқда Корея Марказий телеграф агентлиги (KCNA).

Таъкидланишича, Ким пайшанба куни Пхеньяндаги учувчисиз авиация технологиялари мажмуасига ташриф буюриб, кўп мақсадли дронлар ва учувчисиз кузатув воситаларининг ишлаш синовларига бошчилик қилган. Шунингдек, у “дронларни серияли ишлаб чиқаришни кенгайтириш”га чақирган.

АҚШ Мудофаа разведка агентлиги (DIA) маълумотларига кўра, КХДРнинг ҳарбий қудрати ядро қуролига эга баллистик ва қанотли ракеталар, ядровий қуролларнинг ортиб бораётган захиралари ва янги пайдо бўлган айғоқчи сунъий йўлдош дастурини ўз ичига олади.

Мустақил таҳлил гуруҳларининг ҳисоботларида ёзилишича, Шимолий Корея санкцияларга қарамай, АҚШ, Хитой ва Жанубий Кореядаги илмий доира вакиллари билан трансчегаравий ҳамкорликда сунъий интеллект бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда.

Пхеньян узоқ вақтдан бери сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан Хитойга “қарам” бўлса-да, ўлка Ким даврида Россия билан муносабатларни мустаҳкамлаб боришга интилди. Ўтган йили Ким ва Россия президенти Владимир Путин ўзаро мудофаа шартномасини имзолади ва бу ҳолат Ғарбда норозилик уйғотган эди.

Экспертлар фикрича, Пхеньян келишувдан Москва каби яхши фойда кўрмаган бўлиши мумкин. Сабаби, КХДР Россия кучларига Украинага қарши курашда ёрдам бериш учун ўн минглаб аскарлари билан бирга Москвага қарийб 10 миллиард долларлик қурол-яроғ берган, бунинг эвазига эса атиги 1,19 миллиард доллар олган.

Шу ой бошида Ким ХХР раиси Си Цзиньпин ва РФ раҳбари Путин билан Пекиндаги ҳарбий парадда кўриниш берди, таҳлилчилар буни Шимолий Кореянинг жаҳон саҳнасига чиқиш истаги ифодаси сифатида баҳоламоқда.

Ўткир Мирзо, ЎзА