Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ташкил этилганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Yonhap” ахборот агентлиги.
Юбилей маросимида нутқ сўзлаган Ким “Ўлка ҳарбий ҳаво кучларига муҳим стратегик вазифалар юкланади”, деди.

“Rodong Sinmun” газетаси эълон қилган суратларда у дронлар ва мобил ракета учириш мосламаларини кузатаётганини кўриш мумкин.
КХДР ўзининг анъанавий ҳарбий кучларини модернизация қилишни давом эттирар экан, ҳаво кучларини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратмоқда.

“Reuters” нашри ёзишича, Шимолий Корея кичик қисқа масофали “First Person View” (FPV) дронлари, шунингдек, каттароқ ўрта масофали учувчисиз учоқларни оммавий ишлаб чиқаришни аллақачон йўлга қўйган.
– Ҳарбий-ҳаво кучлари душманларнинг ҳар қандай жосуслик ҳаракатлари ва эҳтимолий провокацияларини қатъият билан қайтариши ва назорат қилиши керак, - деди Ким ўз нутқида.

КХДР етакчисининг қизи ҳам тадбирга отаси билан бирга борди ва сентябрь ойи бошида Пекиндаги ҳарбий парадда қатнашганидан бери биринчи марта оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилди.
Мамлакатнинг “ядро уруши олдини олишда роль ўйнайдиган” ҳарбий-ҳаво кучларидан умидлари ҳақиқатан ҳам буюк”, дея Кимнинг сўзларидан иқтибос келтиради Корея марказий телеграф агентлиги (KCNA).

Ў.Алимов, ЎзА