ХДП: шифокорлик ўринлари қачонгача бўш туради?
Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак.
Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак. Президентимиз илгари сурган ушбу фикр асосида мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Гап одамларнинг ҳаётдан, бугунги яшаётган кунидан розилиги ҳақида борар экан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси юзасидан олис қишлоқлар, қаровга, эътиборга муҳтож маҳаллаларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини алоҳида қайд этиш лозим. Зеро, ушбу дастурлар одамларнинг бандлик, тиббиёт, таълим, электр энергияси, газ, ичимлик суви, йўллар каби кундалик турмушидаги бирламчи эҳтиёжларини қаноатлантиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Фуқароларнинг ўз ҳаёт шароитларидан розилигини белгиловчи яна бир муҳим мезон – уларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигидадир. Бунинг учун эса тизим етарли даражада кадрлар билан таъминланиши зарур. Қулай бинолар, замонавий асбоб-ускуналар бор тиббий муассасаларда малакали ходимлар ишламаса, тиббий хизматдан одамларни рози қилиш имконсиздир.
Республикамиз вилоят ва туманларида шифокорлар билан таъминланиш даражаси ўрганилганда, жиддий етишмовчиликлар мавжудлиги юзага чиқди.
2018 йил ҳисоботларига асосан республикамиз бўйича мавжуд врачлик иш ўринларининг 12 фоизи вакант ҳолатда бўлса, Сурхондарёда бу кўрсаткич 23,7 фоизни, Сирдарё вилояти бўйича 21,5 фоизни, Жиззах вилояти бўйича 20 фоиздан ортиқроқни ташкил этади.
Агар туманлар кесимида кўрилса, янада жиддийроқ рақамларга дуч келамиз. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманида 33 фоиз, Жиззах вилоятининг Бахмал ва Мирзачўл туманларида 36 фоиз, Янгиобод туманида 57 фоиз, Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида 40 фоиз, Навоий вилоятининг Томди туманида 59 фоиз, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 33 фоиз, Сайхунободда 36 фоиз, Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида 45 фоиз, Қизириқ туманида 41 фоиз, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 38 фоиз, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида 43 фоиз врач иш ўринлари бўш экан.
Бу рақамлар кишини чуқур ўйга толдиради, жиддий хавотирга солади.
Ҳар бир вилоятда шифокорларга эҳтиёж мавжуд. Вакант иш ўринларининг асосий қисмини амбулатор поликлиника муассасалари ташкил этади.
Юқорида қайд этилган туманларда аҳолини малакали тиббий хизмат билан таъминлашнинг жисмонан иложи йўқлиги яққол кўриниб қолмоқда. Туманлардаги муассасаларда фаолият юритаётган шифокорлар бир неча мутахассис вазифасини бажаришга мажбур бўлмоқда.
Бу эса тиббий хизмат сифатига жиддий таъсир ўтказмоқда. Жойларда аҳолининг шифокорлардан норозилиги ошиб бораётгани, беморларнинг яқинлари ва шифокорлар ўртасида турли низолар келиб чиқаётгани бўйича мисоллар оз эмас. Бундай кўнгилсиз воқеаларнинг туб сабабларидан бири жойларда тиббий кадрлар етишмовчилиги катталиги, кам сонли шифокорларга иш юкламасининг йиллар давомида юқори бўлиб қолаётгани билан ҳам боғлиқ эмасмикин?
Бундай вазиятда шифокорларга Гиппократ қасами ичганлигини таъкидлаш ёки уларга жисмоний зўравонлик билан таҳдид қилиш ҳолатни яхшиламайди.
Халқ демократик партияси ушбу ўткир муаммони тизимли ҳал қилишни энди орқага суриб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Қишлоқ жойлардаги тиббиёт муассасаларини кадрлар билан таъминлаш, бунинг учун уларга уй-жой бериш, бошқа қулайлик ва имтиёзлар жорий этиш бўйича дастур ишлаб чиқилиши керак.
Шифокорлар етишмайдиган туманларда ушбу лавозимни ёш мутахассислар учун жозибадор қилиш чораларини кўриш вақти келди. Олий тиббий ўқув юртларини битирган мутахассислар маоши ҳали 900 минг сўм атрофидалигини инобатга олсак, уларга маҳаллий бюджет ҳисобидан имтиёзлар берилиши муаммони ечишга ёрдам бериши мумкин. Масалан, врачлар ўткир етишмайдиган туманларда устама ҳақ белгиланиши, уй-жойларнинг бирламчи тўловсиз имтиёзли кредитга берилиши каби енгилликлар кадрлар танқислигини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, туман, шаҳар ҳокимларининг тавсиялари асосида маҳаллий ёшларни тиббиёт олийгоҳларида ўқишини ташкил этиш орқали муаммоларни ҳал этишга эришиш мумкин.
Мамлакатда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш, узоқ қишлоқ ҳудудлардаги тиббий муассасаларни малакали кадрлар билан таъминлаш фақат соғлиқни сақлаш вазирлигининг вазифаси эмас, балки жамиятнинг ижтимоий муаммосидир. Шунинг учун барча мутасадди ташкилотлар ушбу муаммони ҳал қилишда фаол иштирок этиши керак бўлади.
Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида ана шу йўналишда ўз таклифларини илгари сурмоқда. Чунки шифокор кадрларга шароит яратмасдан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳақида баландпарвоз гаплар айтишга ҳаққимиз йўқ.
Мақсуда ВОРИСОВА,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари,
Олий Мажлис Сенати аъзоси