Хайрия тадбирлари марказлашган тартибда амалга оширилмоқда
Хусусан, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида “ўзини яккалаш” (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилди.
Президентимиз топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда вирусни юқтириб олган беморлар саломатлигини тиклаш юзасидан зарур вазифалар амалга оширилмоқда.
Бунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва коронавирусга қарши курашишда тажрибага эга мамлакатлар (Хитой, Жанубий Корея) мутахассисларининг тавсия ва маслаҳатларига қатъий амал қилинмоқда. Аҳоли, айниқса ёши улуғ инсонларни ушбу эпидемиядан ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилиниб, муайян тартиблар ўрнатилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида “ўзини яккалаш” (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилди. 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилди. Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилмоқда.
Коронавирус инфекциясига қарши кураш фондига кўплаб юртдошларимиз ва қатор жамоат ташкилотлари шахсий ташаббус кўрсатиб, турли хайрия акцияларини уюштирмоқда. Эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламига муайян турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бермоқда. Жамиятнинг бирдамлиги ортиб, фуқароларнинг бир-бирига меҳр-оқибат ва мурувват кўрсатаётгани қувонарлидир.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди. Бу эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли етказилишида муҳим аҳамият касб этаётир.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотни ҳудудий тегишлилиги бўйича Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига тақдим этаётир.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг беғараз ёрдамлари Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали сантитар-гигиеник талабларга мувофиқлиги кўрикдан ўтказилиб, карантин талабларига қатъий риоя этилган ҳолда (махсус кийим бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган ҳолда) эҳтиёжмандларга етказиб берилмоқда. Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказининг фаолияти учун қисқа 1197 рақами ташкил этилган. Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами ушбу қисқа рақамга бевосита мурожаат қилаётир.
Бу чора-тадбирлар аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, бугунги синовли кунларда бирлашиб ҳаракат қилиш, ҳамжиҳатликда коронавирусни енгишга хизмат қилади.
Рустам Хуррамов,
Қумқўрғон туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси