Хавфсиз туризмни таъминлаш: жорий йилги ишлар сарҳисоби
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида туризм ва транспорт объектларида хавфсизликни таъминлашда амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида туризм ва транспорт объектларида хавфсизликни таъминлашда амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик тизимидаги идоралар масъуллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда сўнгги йилларда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, уларга қулай шароит яратиш, ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Мамлакатимизда хавфсиз туризм бўйича яратилган тизим сайёҳлик объектларида, туристлар кенг фойдаланадиган темир йўл ва ҳаво транспорти инфратузилмаларида жамоат тартибини сақлашни кўзда тутади. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирларини ўзида бирлаштиради.
Бугунги кунда вазирлик тизимидаги хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан сайёҳлар ташриф буюрадиган манзилларда юзага келиши мумкин бўлган жиноят ва фавқулодда ҳолатларни тизимли таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва шароитларини аниқлаш, туристларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар мурожаатларини сифатли ва қисқа муддатларда кўриб чиқиш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилнинг ўн бир ойи давомида хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида 77 та давлат ва халқаро ташкилотдан келган 937 та делегацияни кутиб олиш, улар хавфсизлигини таъминлаш ва кузатиш билан боғлиқ тадбирлар ташкил этилган. Ушбу тадбирлар давомида нохуш ҳолатлар юз бермаган.
Шунингдек, турли масалаларда ёрдам сўраб мурожаат қилган 91 мингдан ортиқ хорижий ва маҳаллий сайёҳ мурожаатлари кўриб чиқилиб, уларга зарур ёрдам кўрсатилди. Туристлар билан юз бериши мумкин бўлган кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирлари ташкил қилинмоқда.
Маҳаллий, хорижий туристларга нисбатан ёки улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида сайёҳлик объектлари ва транспорт инфратузилмаларида хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ҳақидаги маълумотлар, уларнинг манзил ва телефон рақамлари рус ҳамда инглиз тилларида жойлаштирилди, «LED» – мониторлари ўрнатилди. Мамлакатимиз туристик харитаси, давлат чегарасидан ўтиш, божхона назорати ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларига оид миллий қонунчиликнинг асосий талаблари ҳақидаги маълумотлар акс этган материаллар тарқатиш йўлга қўйилди.
Шунингдек, туристик компаниялар ва меҳмонхона бизнеси субъектлари учун хизматлар кўрсатиш ва саёҳатларни ташқил этишда хавфсизлик қоидаларига риоя этишнинг асосий масалалари юзасидан тавсиялар берилди.
Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг касбий билим ва тайёргарлигини яхшилаш, туристик фаолиятни ташкил этишда қўл келадиган тарих, чет тиллари бўйича билимларини ошириш ишлари тизимли равишда йўлга қўйилган.
Анжуманда, шунингдек, жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 21 миллион 826 минг 900 нафар йўловчи хавфсизлиги таъминлангани қайд этилди.
Профилактик тадбирлар натижасида жорий йилда транспорт объектларидаги умумий жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан 46,5 фоизга камайгани таъкидланди.
Тадбирда соҳани ривожлантириш мақсадида Корея, Россия, Франция, Малайзия, Испания, Греция, Ҳиндистон ва Хитой каби давлатлар тажрибаси ўрганилаётгани маълум қилинди.
Анжуман сўнггида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.